Манғистау вилояти ўқувчилари ёз давомида ўлка тарихи, қозоқ халқи урф-одатлари, анъаналарини ўрганади. Шу жумладан, этно-лагерларда ҳам. Шулардан бири Ақтаудан 20 километр узоқликда очилди. Махсус ишлаб чиқилган дастур туфайли ўсмирлар амалий санъат сирларини ўзлаштиради, дўмбира чалиш, чавандозлик қилиш, миллий ўйинларни ўрганади. Тўғизқумалақ беллашувларида қатнашади. Ҳафтасига бир марта болалар ушбу заковат ўйини дарсларини олади.
Каусар Сисенбаева, ўқувчи:
- Бу лагерь жуда ғаройиб. Унда калава ип ҳақида кўп янги нарсаларни билиб олиш мумкин. Бизга урчуқда ип йигиришни ҳам ўргатишади. Шу ерда тақия тикиб кўрдим.
Нураскан Серик, ўқувчи:
- Биринчи марта лагерга келдим. Дўмбира чалишни ўргатишди. Бу иш у қадар қийин эмас экан.
Айбаршин Утесбаева, Тупқараған тумани таълим бўлими бошлиғи:
– Этнолагерлар туманнинг уч мактабида ташкил қилинди. М. Горький номли мактаб-лицейда туристик лагерь иш бошлади. Форт-Шевченкодан 75 километр масофада, муқаддас қадамжолардан бўлган Султан-эпе яқинида чодирлардан шаҳарча тикланган. У ерда болалар 7 кун дам олиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, Манғистау вилоятида 252 лагерь ўқувчиларга қучоғини очди. Каспий денгизи соҳилларида болалар учун шаҳардан ташқаридаги оромгоҳлар иш бошлади. Минтақадаги соғломлаштириш ва мактаб қошидаги лагерларда 140 мингдан зиёд ўқувчи дам олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.