Туркиянинг Изник шаҳрида бўлиб ўтаётган IV Умумжаҳон Кўчманчилар ўйинларида Қозоғистон спортчилари 9 та медални қўлга киритди. Ҳозирча Миллий жамоа жамғармасида 3 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаль бор. Мамлакатимиз вакиллари қозоқча кураш, кўкпар, кўкбўру, жамби ату, анъанавий камондан ўқ отиш - жами 5 спорт турида беллашди. Қозоқча кураш усталари энг кўп ютуққа эришди ва 6 та медалга эга бўлди. Биринчи олтин медаль атиги икки дақиқада монголиялик полвонни тиз чўктирган Марат Ниғматуллаевга насиб этди. Зарина Сарипова қизлар ўртасида 65 килограммгача бўлганлар ичида ғалаба қозонди. Еламан Қўйшибаев ва Рауза Нурмухамметова кумуш медалга сазовор бўлди. Мақсат Исағабилов ва Мўлдир Азамат учинчи ўрин билан кифояланди. Анъанавий камондан ўқ отишда қозоғистонлик Қасимхан Қанат финалда атиги 2 очко фарқ билан туркиялик Ўғуз Ўқчига ён берди. Жамби ату бўйича Ералхан Айкўз кумуш медалга лойиқ топилди. Кўкпарчилар ҳам катта ютуққа эришди. Турнирнинг сўнгги босқичида спортчилар қирғизистонликларни 4:3 ҳисобида мағлуб қилди. Кўкбўруда жамоамиз кумуш медални қўлга киритди.
Абдумалик Сарманов таржимаси