Манғистау – муҳим стратегик аҳамиятга эга минтақа

Манғистау – муҳим стратегик аҳамиятга эга минтақа

Сўнгги икки йил ичида Манғистау вилояти иқтисодиётига 2 триллион тенгедан кўпроқ сармоя жалб қилинган. Бу вақт мобайнида ялпи ҳудудий маҳсулот деярли бир ярим марта ўсган. Минтақага амалий сафари давомида Қосим-Жўмарт Тўқаев вилоятни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари Қозоғистоннинг ғарбий дарвозаси ўлароқ Манғистау стратегик аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Президент вилоятда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини уқтирди. Бунинг учун жорий йилда давлат бюджетидан 16 миллиард тенгедан ошиқ маблағ ажратилди. Mangystau Business дастури ишга тушади, унинг доирасида 1,5 миллиард тенге қийматдаги 30 та янги лойиҳага кўмак кўрсатилади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- «Ақтау денгиз порти» махсус иқтисодий зонаси минтақада тадбиркорлик равнақ топишига кучли туртки берадиган марказга айланиши шарт. Бугунги кунда унинг ҳудудида 22 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Махсус иқтисодий зонага йўлланган жами сармоя ҳажми 337 миллиард тенгени ташкил этади, шунинг ярми хорижий инвестициялар. Жорий йилда зона майдонини етти карра кенгайтириш режа қилинган (3,7 минг гектардан 26,5 минг гектарга). Бу тўғри қарор. Ҳоким МИЗ борасида таклифларга ҳам эга.

Давлат раҳбари вилоятнинг транспорт-логистика салоҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Зеро, Манғистау Шарқу Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи асосий халқаро транспорт йўлаклари ўзаро туташ ерда жойлашган. Ҳозирда бу ерда Ақтау ва Қуриқ портларининг денгиз инфратузилмаси жадал ривожланмоқда, улар Транскаспий транспорт йўналишининг асосий тугунлари бўлиб ҳисобланади. Халқаро логистика компаниялари мамлакатимиздаги транспорт соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдиряпти. Шу сабабли, Ҳукумат вилоят ҳокимлиги билан биргаликда чет эл бизнеси билан иш олиб боришни кучайтириши керак.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Жорий йилда Қуриқ-Жетибай автойўлидаги таъмирлаш ишлари тугайди. Туркманистон йўналиши бўйича ҳам транспорт салоҳиятини ривожлантириш лозим. Шу йилдан бошлаб, Жанаўзендан Кендирли орқали Туркманистон чегарасига қадар йўл участкаларини таъмирлашга киришишни топшираман. Темирйўл вокзалларини реконструкциялаш ва  модернизация қилиш борасида иш бошланган. Умуман, мамлакат бўйлаб 125 та вокзал таъмирланиши режа қилинмоқда, бунга Манғистау, Бейнеу ва Шетпе станциялари ҳам киради.

Абдумалик Сарманов таржимаси