Қозоғистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилишнинг 5 та янги механизми тайёрланди. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамқулов маълум қилди. Эндиликда, қонун лойиҳасига кўра, «Ишлаб чиқариш сиёсати тўғрисида»ги қонунга «мамлакат ички қиймати» тушунчаси киритилади. Вазирлик раҳбари айтишича, бу халқаро майдонда тан олинган ва Бутунжаҳон савдо ташкилоти меъёрларига мос келади. Шунингдек, бундан буён йирик ер қаъридан фойдаланувчилар янги дастур қабул қилади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини сотиб олишга эътибор қаратади.
Бейбут Атамқулов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:
- Тайёр маҳсулотни сотиш, ички бозорни янги товарлар билан тўлдиришни таъминлаш мақсадида ер қаъридан фойдаланувчилар ва миллий компаниялар иштирокида офтейк-шартномалар, офсет келишувлардан фойдаланилади. Ўз навбатида, узоқ муддатли шартномалар мавжуд корхоналар маҳсулоти сотилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, Бейбут Атамқулов айтишича, юртимизда маҳаллий маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириш мақсадида яқин йилларда бир нечта янги корхона очилиши режа қилинган. 2022 йилда қуввати 197 минг тоннага тенг бўлган ойна листлари ишлаб чиқарувчи завод қурилади. Инвестициявий лойиҳа қиймати 42 миллиард тенгедан зиёдроқ. 2023 йилгача сопол плитка ишлаб чиқарувчи 3 та янги завод фойдаланишга топширилади, бунда чет эллик инвесторлар иштирок этмайди. Ушбу лойиҳалар ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қоплайди. Ўз навбатида, ҳукумат раҳбари Асқар Мамин таъкидлаганидек, маҳаллий таркибга эга маҳсулот кўпайиши барқарор равишда ўсмоқда.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Маҳаллий таркиб ҳиссаси кўпайиши 9 ойда, ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда, 6,4 фоизни кўрсатди. Оддий буюмлар иқтисодиётининг 7 та соҳасида режадаги маҳаллий таркиб кўрсаткичларига эришилди, хусусан, машинасозлик, фармацевтика, енгил, мебель, кимё ва озиқ-овқат саноатида.
Хуршида Абдуллаева таржимаси