Лондонда онлайн-тартибда тарихда биринчи марта инглиз тилида чоп этилган Абай қўшиқлари тўплами тақдимоти ўтказилди. Китоб Буюк Британиядаги Қозоғистон элчихонаси томонидан Миллий таржималар бюроси кўмагида буюк қозоқ шоири, файласуфи ва маърифатчисининг 175 йиллиги муносабати билан нашр қилинди. Таъкидлаш жоизки, Абай адабий ижоди билан бирга бой ва турли-туман мусиқий мерос ҳам қолдирган, у қозоқ маданий ўзига хослигининг муҳим қисми ҳисобланади.
Ерлан Идрисов, Қозоғистоннинг буюк британиядаги элчиси:
- Абай шеърияти, унинг фалсафий ва маданий изланишлари кўпчиликка таниш. Лекин мусиқа санъатига қўшган ҳиссаси дунё аҳлига у қадар маълум эмасди. Шунинг учун мазкур китобни тайёрладик. Унда Абайнинг энг машҳур қўшиқлари жамланган. Нашрнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унда QR-кодлар мавжуд ва улар орқали хорижлик дўстларимиз веб-сайтларга уланиши, қозоқ ижрочилари у ёки бу асарни қандай ижро этаётганини тинглаши мумкин.
Тадбир доирасида ўтган онлайн-концертда Абай қўшиқлари ижро этилди. Шуни айтиш керакки, қўшиқ сўзларини таниқли шотланд шоири Жон Бернсайд таржима қилган. У нафақат асарлар мазмунини бера олди, балки матнни аслига имкон қадар яқинлаштирди. Бунинг учун профессор қозоқ тилли ёрдамчилари тақдим этган сатрости таржимадан фойдаланди.
Жон Бернсайд, шоир, таржимон:
- Бу жуда мураккаб иш бўлиб, ўз зиммамга олишим керак эди. Буларнинг ҳаммасини катта қизиқиш билан қабул қилдим. Абай қўшиқлари ритмини ўзгартирмаган ҳолда мазмунини тўлиқ бериш – асосий ғоя бўлди. Айни вақтда барча қофияларни ўз ўрнига қўйиш лозим эди. Одатда, кўпчилик шеър таржима қилганда бу нарсаларни эътиборсиз қолдиради.
Таъкидлаш лозимки, 1500 нусхада чиққан китобга 3 куй ва 23 қўшиқ, шунингдек, Абай қўшиқлари матни ва партитураси киритилган. Дарвоқе, бу нашрни интернетдан кўчириб олиш мумкин. Китоб Буюк Британиядаги мусиқий таълим даргоҳларига ҳамда Қозоғистонга хайрихоҳ шахсларга тарқатилади.
Фото: express-k.kz