Логистика ЕОИИ давлатлари ривожланиш драйверларидан бири

Логистика ЕОИИ давлатлари ривожланиш драйверларидан бири

Логистика Eвроосиё Иқтисодий иттифоқидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири. Йил бошидан буён иттифоқ ичида 2,5 миллиард тоннадан зиёд юк ташилди. Бундай шароитда товарларнинг ўтказиш пунктлари орқали жадал ҳаракатланиши алоҳида аҳамият касб этади. Рақамли ечимлар мазкур жараённи тезлаштиради. Евроосиё иқтисодий комиссиясининг божхона ҳамкорлиги бўйича вазири Сергей Шкляев Қозоғистонни намуна сифатида келтирди. Мамлакатда божхона жараёнларини "ягона дарча" тамойили асосида бирлаштирувчи KEDEN ахборот тизими фаолият юритмоқда. Россия ҳам 1 июндан бошлаб ўз механизмини жорий этиш ниятида. EОИИ мамлакатларидан юк етказиб беришни назорат қилувчи SPOT тизими электрон форматдаги маълумотларни  олдиндан тасдиқлаш, умумий бозор доирасида товарлар ҳаракатини соддалаштириш имконини беради.


Сергей Шкляев, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг божхона ҳамкорлиги бўйича вазири:


- Нима содир бўлади? Товар-транспорт юк хати ва QR-код бўйича маълумот - иккита ахборот манбаси таққосланади. Ҳеч қандай кўриклар, божхона назоратининг ҳеч қандай қўшимча шакллари қўлланилмайди. Биринчиси, дастурлар яратиш масаласи ҳал бўлди. Иккинчиси, ушбу QR-кодни онлайн тарзда барча автомобиль ўтказиш пунктларида бевосита ўқиш имконияти яратилиши керак. Мана шундай рақамли ечимларни ўрганиш, баҳам кўриш ва энг яхшиларини асос қилиб олиш, меъёрларга киритиш зарур.


Яқин Шарқдаги беқарор геосиёсий вазият фонида анъанавий денгиз йўлларини четлаб ўтувчи қуруқлик ва мультимодал йўлакларнинг долзарблиги ортди. Қозоғистон халқаро савдо учун хавфсиз йўналишлардан бири - Ўрта йўлакни таклиф қила олади. Бу эса охир-оқибат EОИИ давлатлари иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, етказиб беришни диверсификация қилиш ва савдо ҳажмини ошириш имкониятларини очади, дейди Жаҳон иқтисодиёти тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Алишер Базарбаев. Кўплаб давлатлар Транскаспий транспорт йўналиши янада самарали ишлаши ва ривожланишидан манфаатдор.


Алишер Базарбаев, Иқтисодий тадқиқотлар институти Жаҳон иқтисодиётини тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари


− Қуриқ, Ақтов портлари катта қувватда ишлаётган бўлса ҳам, бу барибир етарли эмас, уларнинг салоҳиятини ошириш зарур. Иккинчи масала, мультимодаллик билан боғлиқ харажатлар, яъни транспорт турини ўзгартириш, божхона тартиби ва ҳоказолар. Бу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда стандартлаштириш ва соддалаштириш бўйича катта ишлар амалга ошириляпти. Умид қиламизки, мазкур муаммоларнинг ечими топилади, барча қийинчиликлар ҳал қилинади, Ўрта йўлак муқобил манба бўла олади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.