Астанада Олтин Ўрда тарихига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда. Қозоғистон пойтахтига 20 дан ортиқ мамлакатдан таниқли олимлар: тарихчилар, археологлар, туркологлар ва маданиятшунослар, шунингдек, нуфузли ташкилотлар вакиллари ташриф буюрди. Симпозиум очилишида Қосим-Жўмарт Тўқаев Олтин Ўрда тарихи жаҳон илмий ҳамжамияти учун муҳим мавзу бўлиб қолаётганини таъкидлади. Қозоғистон учун эса бу давр ватан тарихининг энг муҳим қисми ҳисобланади. Президент Ғарб ва Шарқни боғлаб турган империяни холисона ўрганиш, унинг турли цивилизациялар ривожига таъсирини қайта кўриб чиқишга чақирди. Президент тадқиқотларни учта асосий йўналишга қаратишни таклиф қилди: Олтин Ўрданинг интеллектуал мероси, иқтисодий модели ва, кейинчалик Евроосиёнинг кўплаб давлатлари асос сифатида олган давлат бошқаруви тизими.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жўжихон авлодлари Буюк дашт давлатларида 600 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди. Бу, давомийлигига кўра, масалан, Хан ёки Габсбурглар каби сулолалар ҳукмронлиги билан тенглаша олади. Бу факт Жўжилар томонидан яратилган, турли этнослар ва динларнинг уйғун яшашини таъминлаган тизимнинг легитимлиги ва пишиқлигини кўрсатади. Олтин Ўрдада дашт ва ислом ҳуқуқининг ўзаро уйғунлашган тизими шаклланди. Жамоат тартиби асосида Чингизхоннинг Буюк Ясаси ва ундан ҳам чуқурроқ давр - Турк хоқонлиги анъаналарига бориб тақаладиган ҳуқуқий маданият ётибди. Қурултой институти дашт демократиясининг ўзига хос намунаси бўлиб хизмат қилган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституцияда минг йиллик тарихга эга Буюк Даштнинг давомийлигини сақлаб қолиш муқаддас бурч эканлиги аниқ кўрсатилганини таъкидлади. Зеро, давлатчилик фаолиятида мамлакатимиз Олтин Ўрданинг вориси ҳисобланади. Қозоғистонда биринчи ихтисослаштирилган илмий муассаса - Жўжи Улусини ўрганиш институти ташкил этилди. Шу билан бирга, Президент Олтин Ўрда бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда кенг кўламли нашриёт лойиҳасини ишга тушириш зарур, деб ҳисоблайди. Адолат, очиқлик, маданиятлар мулоқотига асосланган дашт давлатчилиги анъаналарини ўрганиш бутун Марказий Евроосиёнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилади, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Тарихий тажриба ривожланиш ва келажакка интилиш уйғунлашган жойдагина ҳақиқий тараққиётга эришиш мумкин. Олтин Ўрданинг мураккаб тарихи ва тақдири бизга салтанатнинг ҳақиқий кучи турли маданиятларни самарали гуманитар ва сиёсий ҳамкорликнинг ягона тизимига бирлаштириш қобилиятига асосланишини эслатади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев симпозиумнинг ЮНЕСКО доирасида ўтказилиши Олтин Ўрда меросининг оламшумул тарихий аҳамиятини акс эттиришини таъкидлади. Ташкилот раҳбариятига мамлакатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори Одри Азулега Хожа Аҳмад Яссавий ордени билан тақдирланди. Давлат раҳбари унинг Қозоғистон маданий қадриятлари, тарихий хотираси ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, халқаро миқёсда тан олинишига қўшган ҳиссасини қайд этди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

