Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Хабар" агентлигига берган интервьюсида мамлакатимиз ҳақида жанжалли баёнотлар берган Россия сиёсатчилари фаолиятини изоҳлади ва уларни «шубҳали», «қайсидир қисмлари фитна қўзғатувчи» деб атади. Қўшни давлат Ташқи ишлар вазири Россиянинг Қозоғистонга нисбатан сиёсатини белгиловчи шахслар ҳеч қачон бундай баёнот бермагани ва бермаслигини билдирди.
Ерлан Бекхожин, «Хабар» агентлиги бошқаруви раиси:
- Менимча, сиз Қозоғистон бугунги кунда Россия учун энг дўстона иш юритаётган стратегик ҳамкорлардан бири эканлигини тасдиқлайсиз. Лекин Россия сиёсатчилари баъзида жанжал қўзғатувчи нутқлар билан чиқади. Бунинг сабаби нимадалигини изоҳлай оласизми?
Сергей Лавров, Россия ташқи ишлар вазири:
- Сиёсатчилар ўз карьерасини турли шаклда тиклайди. Сенсациялар ортидан чопадиган сиёсатчилар ҳам мавжуд. Шундай бир арбоблар борки, етарлича баҳсли масалаларни кескинлаштириб кўндаланг қўйиш орқали кўпчиликнинг эътиборини жалб этишга интилади. Гўё шунда уларни унутиб юборишмайди. Бизда шундай нақл бор: «Мақташадими, ёмонлашадими – фарқи йўқ, номингизни газетада ёзишса бас». Нохуш баёнотларнинг сабаби шунда бўлса керак. Биз иттифоқчилик муносабатларини ўзаро келишилган, давлат раҳбарлари томонидан имзоланган, парламентлар тасдиқлаган ва қонун шаклига, халқаро ҳуқуқнинг бир қисмига айланган ҳужжатлар асосида ривожлантиряпмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси