Қозоғистон ўқувчилари турли вазифаларни бажара
оладиган робот ясашди. Икки ой ичида яратилган механизмнинг ғилдиракли пишиқ
каркаси бор. Оғир бўлса ҳам осон ҳаракатланади, унга уланган лифт қутини кўтариши,
ҳатто ундаги тўпларни мўлжаллаб аниқ отиши мумкин. Ишланма муаллифлари
таъкидлашича, лойиҳа саноатчиларнинг ёрдамчиси бўла олади.
Досжан Дайран, жамоа капитани:
- Роботнинг ўлчамларини ўзгартириб, уни тўп эмас,
масалан, буғдой отишга мослаш мумкин. Танловда ғалаба қилиш учун робот
ғайритабиий, ҳаддан зиёд ақлли бўлиши шарт эмас. Энг муҳими — беллашув вақтида
ишдан чиқмаслиги зарур.
Эслатамиз, бу болалар Грецияда ўтказилган
робототехника олимпиадасида чемпион бўлишди. Дунёнинг турли қисмларидан 190 та
жамоа қатнашган FIRST Global Challenge беллашувларида қозоғистонлик ўқувчилар
навбатдаги рекорд натижага эришишди ва мамлакатимизга олтин медаль олиб
қайтишди. Бундан ташқари, олий ҳакамлар номинацияларида жамоа учта
кумуш медаль олишга эришди. Айтмоқчи, йил давомида интеллектуал беллашувда
терма жамоа рейтингларда пешқадамликни қўлдан бермай келди. Чунки болалар
олдиндан тайёргарлик кўриб келган. Улар стратегияни синаш учун махсус полигон
ҳам қуришган. Сўнгра турнирда қатнашиш учун якуний жамоа тузишди.
Асилбек Мурзахметов, Ustem Foundation жамоат жамғармаси
директори:
- Жорий йилда Фидинг зе фьючер мавзуси қўйилди. Унда
келажакда озиқ-овқат етиштириш ва уни сақлаб қўйиш масаласи бўйича ўрганилади.
Беллашувларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда битта мамлакат жамоаси майдонга
чиқмайди. Сиз билан бир вақтда яна иккита жамоа муҳандислик қобилиятини намойиш
этади. Халқаро этапда ғалабангизнинг 60 фоизини сиз билан бирга ишлаган жамоалар кафолатлайди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси