Қозоғистонда юқори даромадли кластерлар яратилади. Улар қайта ишлаш саноатида экспортга мўлжалланган маҳсулот чиқаради. Республика Ҳукумати 15 триллион тенге инвестиция киритиладиган 17 йирик лойиҳа рўйхатини тасдиқлади. Вазирлар маҳкамасида маълум қилишларича, уларни рўёбга чиқариш қатор иқтисодий натижалар беради. Шу жумладан, янги заводлар туфайли пўлат қуйиш ҳажми 6 миллион тоннага, модернизация қилинган корхоналарда нефтни қайта ишлаш ҳажми йилига 24 миллион тоннага етади, калий ўғитлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, полиэтилен ишлаб чиқариш, автосаноатни локаллаштириш ва юқори даромад келтирувчи озиқ-овқат маҳсулотлари – крахмал, глюкоза ва фруктоза экспорти кенгаяди. Умуман олганда, буларнинг ҳаммаси Қозоғистоннинг ташқи бозорларга яна 6 триллион тенге қийматга эга маҳсулот экспорт қилишига олиб келади. Айни вақтда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан оффтейк-контракт тузиш имконияти яратилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.