Криптобиржа ва банклар бирга ишлайди

Криптобиржа ва банклар бирга ишлайди

Синов тартибидаги ҳамкорлик натижалари молиявий хизматлар марказида муҳокама қилинди. AFSA раҳбарияти берган маълумотга кўра, йил давомида криптобиржалар банкларга боғланган ҳолда криптовалюталар бўйича қонуний транзакцияларни амалга оширди. Яъни ҳисоб очилди, фиат валюталар бошқарилди, улар рақамли активларга айирбошланди. Таъкидлаш лозимки, лойиҳани тартибга келтиришда Миллий банк, тегишли вазирлик, молиявий мониторинг агентлиги, молия бозорини ривожлантириш агентлиги ҳам қатнашди. Унда мамлакатнинг минтақавий криптохаб сифатидаги салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.

Яқуб Заманов, «Астана» халқаро молиявий маркази молиявий хизматларни тартибга солиш (Afsa) қўмитаси молия-техника департаменти директори:

- Энди банклар криптопровайдерлар билан қандай ишлаш мумкинлигини билади, лойиҳа аввалида кўзда тутилгани каби, улар учун банк ҳисоблари очади, технологиялар билан танишади, криптопровайдерлар ҳам банк билан қандай тартибда ишлаш лозимлигини, Қозоғистонда ўз бизнесини қандай ривожлантира олишини тушуниб олди. Тегишлича, биз ижобий натижаларни кўряпмиз. Саноат, бизнес юксалди, банклар иштирокчилар ва ўз мижозларига таклиф этаётган маҳсулотлар ҳажми ўсяпти, қонунчилик ривожланди.

Экспертлар фикрича, Қозоғистонда криптовалюта бозори мустаҳкамланишда давом этади. AFSA эса бундай биржалар учун марказлашган қоидалар мажмуасини ишлаб чиқди. Унда “Астана” молиявий маркази базасида хизмат кўрсатиш ёндашувлари ва тамойиллари акс этган.

Яқуб Заманов, «Астана» халқаро молиявий маркази молиявий хизматларни тартибга солиш (Afsa) қўмитаси молия-техника департаменти директори:

- Биз молиявий марказ қўмитаси сифатида январда асосий ҳужжатни чоп этдик. Тез орада унинг янгиланган шаклдагисини муҳокамага тақдим этамиз. Барча иштирокчилар у ҳақда фикр билдириш имконига эга бўлади. Очиқ муҳокамада қатнашади, таклиф киритади, қўмита якуний ҳужжатни қабул қилишда иштирокчиларнинг талаб ва таклифларини ҳисобга олади.

Лойиҳа криптобиржаларнинг Қозоғистон бозорига чиқишига йўл очиб беради, криптомайнерлар эса молиявий марказ биржаларида савдо қила олади. Бундан ташқари, фиат каналлар орқали инвестиция киритиш имконияти туғилади. Охир-оқибатда миллий қонунчиликка ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси