Жорий йилдан бошлаб, Қозоғистонда бир вақтнинг ўзида иккита – Қозоғистон ва Америка дипломини олиш имконияти яратилди. Петропавловскдаги Қўзибаев номли университет Аризона таълим даргоҳи билан ҳамкорлик қилмоқда. Олий таълим даргоҳида ҳозир республиканинг турли минтақаларидан келган 170 нафар талаба бепул ўқияпти. Асосий йўналишлар: айти, муҳандислик, агро ва биотехнологиялар.
Алтин Нурмазанова, талаба:
- Петропавловск шаҳри учун Аризона университетида таълим олиш – ажойиб имконият. Аризона ўқитувчилари бизникилардан бироз фарқ қилади, чунки дарслар инглиз тилида ўтилади. Биз туғилганидан буён инглиз тилида мулоқот қилаётган одамлардан таълим оляпмиз.
Дамел Мектепбаева, университет бошқаруви аъзоси:
- Талаба таълим даргоҳини тугатганида иккита диплом олади. Америка дипломи АҚШга бориб ўқиганларникидан сира фарқ қилмайди. Албатта, танлов ўтказилади, абитуриентга талаблар катта. Иккита диплом учун ўқиш инглиз тилини яхши билишни талаб қилади, сертификатланган имтиҳон натижасини кўрсатиш ёки бизнинг имтиҳондан ўтиш зарур.
Икки дипломли таълим жараёни учун халқаро ўқитувчилар таркиби шакллантирилган, кўплаб илмий ва виртуал лабораториялари мавжуд бўлган махсус корпус қурилмоқда. Бундан ташқари, талабалар тўртинчи курсда бир семестрни Аризонада ўқийди. Экспертлар таъкидлашича, булар ҳаммаси қозоғистонлик битирувчиларнинг рақобатбардошлигини оширади.
Ақмарал Ибраева, Қўзибаев номли университет ректори, бошқарув раиси маслаҳатчиси:
- Бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилаётган бу иш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Чунки авваллари ёшлар таълим олиш учун хорижга йўл оларди. Уларнинг бир қисми қолиб кетарди. Лекин янги дастур туфайли талабалар юртимизнинг ўзида хорижий диплом олиш имкониятига эга бўлди.
Абдумалик Сарманов таржимаси