Қозоқ кураши дунё бўйлаб оммалашяпти

Қозоқ кураши дунё бўйлаб оммалашяпти

Қозоқ кураши дунё бўйлаб оммалашяпти. Қозоғистонда биринчи марта ушбу спорт тури бўйича ҳарбий хизматчилар дунё чемпионати ўтказиляпти. Астанага 30 давлатдан 250 нафардан зиёд спортчи келди. Бу эса Марказий Осиёдан ташқарида ҳам миллий курашга қизиқиш ошиб бораётганини кўрсатади. Ушбу биринчиликда Қуролли кучлар, Давлат қўриқлаш хизмати ва бошқа қўшинларнинг энг кучли спортчилари мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Беллашувлар аёллар ва эркаклар учун алоҳида, саккизтадан вазн оифасида ўтказилади.

Бразилиялик қатнашчи:

– Мен мана шу мусобақаларда қатнашиб, юксак маҳорат намунаси кўрсатишни истайман. Қозоқ кураши мен севган ва мен шуғулланаётган иккинчи спорт тури.

Тожикистонлик қатнашчи:

- Бу биз учун катта тажриба бўлади. Биз юқори ўринларни олишга ҳаракат қиламиз. Қозоқ кураши бўйича кўп машқ қилдик. Даврага чиқамиз ва ғалабадан умидвормиз. 

Ташкилотчилар фикрича, ҳарбий хизматчилар ўртасида қозоқ кураши бўйича биринчи дунё чемпионати муваффақияти ушбу спорт ривожланишида тарихий бурилиш ясайди. Шу кунларда Ҳарбий спорт халқаро кенгаши қозоқ миллий курашини Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинлари каби дунё турнирлари қаторига киритиш масаласини кўряпти. Анжуман 2027 йилда АҚШда ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси