Қозоқ ижодкори комикслари хорижда ҳам ном қозонди

Қозоқ ижодкори комикслари хорижда ҳам ном қозонди

Қозоқ ижодкори яратган комикслар хорижликарни кўнглидан жой олди. Асарлари машҳур нашрларда чоп этилди. Сценарийчи Бек-Ата Даниял болалигидан рассомликка ҳавас қўйган. Турли ботирлар ҳаёти ҳақидаги ҳикояларни ҳавас билан ўқирди, шу тариқа, келажакда уларнинг суратларини чизишга аҳд қилган. 2020 йилдан профессионал сифатида шу ишнинг бошини тутди. Англиянинг Хартфордшир университетини «Кино ва телевидение» ихтисоси бўйича тамомлади. Ҳозир Лефкедаги Европа университети магистранти.

Бек-Ата Даниял, комикслар, сценарийлар муаллифи:

– Киосклардаги журналларда тасвирланган суперқаҳрмонлар менга илҳом берди. Назаримда, ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги абадий кураш жуда муҳим. Айниқса, бугунгидек оғир даврларда. Лекин комикслар фақат супер қаҳрамонларгина эмас. Ҳар қандай жанрни ўз ичига олиши мумкин. Таълимдан тортиб кўнгил очишгача. Комикс аслида мультфильмнинг ўзагидан иборат. Арзон мультфильм. У фильм ва китоблар мазмунини жамлаши ҳам мумкин.

Шу кунларда Бек-Ата Даниялнинг «Динозаврлар ботири», «Жасур оғайнилар», «Коммунизм сарбози» каби ижод намуналари турли давлатларида чоп этилган. Сценарийчининг асл мақсади – бу соҳани Қозоғистонда ривожлантириш, тараққиётга улушини қўшиш.

Бек-Ата Даниял, комикслар, сценарийлар муаллифи:

– Комиксларим Ҳиндистонда чоп этилди, Россияда нашрга тайёрланяпти. Проза ва комикс трилогияси Англияда босилди. Яна уч давлат билан музокара давом этяпти, янги лойиҳалар яратиш устида ишлаяпмиз. Қозоғистон учун меҳнат қилишни истайман. Ватаним истиқболига ишонаман. Фақат комикслар эмас, мультфильмлар ҳам яратгим келади. Ёшларни илҳомлантириш, Қозоғистонни ривожлантиришга хизмат қилсам, дейман. Мен учун ўз юртим жуда муҳим.

Бек-Ата Даниял ўз асарларини хорижлик касбдошлари билан бирга чоп этди. Келгусида фэнтези жанридаги «Каспий хазинаси» ҳамда «Қайсар – Тангри фарзанди» деган комикслар яратиш режалари бор.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.