Энди Туркияга борадиган қозоғистонликлар ПЗР-тест топшириши шарт эмас. Чегарани кесиб ўтиш учун ярим йил ичида коронавирус билан оғригани ёки энг камида 14 кун олдин тўлиқ эмлангани ҳақидаги расмий маълумотнома тақдим этилиши шарт. Бу ҳақда Туркия ИИВда маълум қилинди. Бу гуруҳга мансуб бўлмаганлар эса 72 соат ичида ПЗР-тест ёки келишидан камида 48 соат олдин Ковид-19 антигенига экспресс-тест топшириши керак.
Бауиржан Алжанов, Қозоғистоннинг туркиядаги элчихонаси консули:
– Коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгани сабабли, Туркия 1 июндан чет элликлар учун кириш қоидаларини ўзгартирди. Фуқароларимиз мамлакатга келишдан камида 14 кун олдин вакцина олган ёки сўнгги ярим йил ичида коронавирус билан оғриган бўлса, ПЗР-тест ҳужжатини кўрсатмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда шуни билиш муҳимки, юртдошларимиз тиббий маълумотнома ёки вакцина олгани ҳақидаги ҳужжатни тақдим этиши шарт. Эслатиш керак, пандемия даврида қоидалар тез-тез ўзгаради. Шунинг учун фуқаролардан хорижга чиқиш олдидан қоидалар билан танишишни сўраган бўлардик.
Абдумалик Сарманов таржимаси