Қозоғистоннинг Туркияга экспорти кенгаймоқда

Қозоғистоннинг Туркияга экспорти кенгаймоқда

2022 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра Қозоғистоннинг Туркияга экспорти икки марта ошди. Январь-март ойларида қардош республикага 1 миллиард 25 миллион доллар қиймтага эга товар юборилди. Экспортнинг салмоқли қисмини нефть ва  нефть маҳсулотлари ташкил қилди. Бу йўналишда 3 марта ўсиш кузатилди. Мис, рух, мазут, суюлтирилган газ, алюминий ва ферроқотишмалар экспорти ҳам ортди. Туркия эса асосан кийим-кечак, пойабзал, дори-дармон, пластмасса ва қора металлдан тайёрланган буюмлар, гилам, мебель, цитрус мевалар, турли ускуналар етказиб берди.

Еркебулан Сапиев, Қозоғистоннинг Туркиядаги элчиси:

- Турк капитали ёрдамида бизда умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган 61 лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Қозоғистонда туркияликлар билан ҳамкорликда 3700 компания  фаолият юритяпти. Улар иқтисоднинг турли соҳаларида ишлаяпти. Президентларимизнинг келгуси йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш тўғрисида топшириғини бажара оламиз, деб ўйлайман.

Таъкидлаш лозимки, куни-кеча икки давлат вакиллари 15 та шартномани имзолади. Улар қаторида халқаро юк ташишларни кенгайтириш тўғрисидаги ҳужжат ҳам бор. Қозоғистон ана шу шартнома доирасида халқаро транспорт йўлакларига ёндашган ҳудудларга экспортни кенгайтириш ниятида. Шу жумладан, мамлакат маҳсулотлари Каспийбўйи ва Қора денгиз, Яқин Шарқ, Европа ва Кавказ мамлакатларига кириб борилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.