Қозоғистон Хитой-Европа-Хитой транзит йўлаги ўтказиш имкониятини 5 марта ошириш мақсадида янги йўллар қуриш ниятида. Шу тариқа, Осмоности мамлакатидан юк Европа давлатларига янада тезроқ етказилади. Марказий Коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда тегишли вазирликнинг яқин келажакка мўлжалланган режалари ҳақида Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги транспорт қўмитаси раис ўринбосари Жанибек Тайжанов маълумот берди. Маълум бўлишича, яқин келажакда Ўзбекистон чегарасига олиб чиқувчи Дарбаза-Мақтаарал темирйўл линияси барпо этилади. Натижада Сариағач ўтказиш пункти иши бирмунча енгиллашади. Мутахассислар ҳисобига кўра, натижада икки марта кўп контейнерларни бир ярим марта тезроқ ўтказиш мумкин бўлади.
Жанибек Тайжанов, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги транспорт қўмитаси раис ўринбосари:
- Бу лойиҳа Марказий Осиё ва Европа экспорт оқимларини жамлаш имкониятини беради, натижада Қозоғистоннинг халқаро бозорлардаги мавқеи кучаяди. Айни вақтда Алмати станцияларини айланиб ўтувчи линиялар қуриш лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Бундай йўллар қурилиши туфайли Алмати орқали ўтадиган транзит юклар манзилига икки сутка илгари етиб боради, шаҳардаги станциялар иши эса 30 фоизга енгиллашади.
Таъкидлаш лозимки, мамлакат транзит салоҳиятини юксалтириш мамлакат қаршисида турган муҳим вазифалардан бири. Йил бошидан буён Қозоғистонда контейнерлар ташиш ҳажми 800 минг ДФЭга етди. Декабргача бу кўрсаткич бир миллионни ташкил қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси