Астанада кичик ва ўрта бизнес форуми бўлиб ўтди

Қозоғистон иқтисодида кичик ва ўрта бизнес улуши 37 фоизни ташкил қилади. Бу соҳада 4 миллиондан зиёд одам ишлайди.   Ўтган ярим йил давомида сектор вакиллари 34 триллион тенге қийматга эга маҳсулот чиқарди.  Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўп. Бугун Астанада бўлиб ўтган форумда тадбиркорликни ривожлантириш ва соҳа истиқболлари ҳақида гапирилди. Тадбиркорлар шу ернинг ўзида мамлакат ичида ва хорижда харидоргир бўлган тайёр маҳсулотларини тақдим этишди. Масалан, мамлакат жанубида чиқарилаётган қуёш панеллари яқин келажакда АҚШ ва Канадага экспорт қилиниши кутиляпти. Тадбиркор давлат ёрдамида тўла циклли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кремний пластиналар тайёрлаш ниятида.  

Серик Қулмурзаев, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи компания тижорат директори: 

– Ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, қуёш панеллари сўнгги моделларга оид. Биз испан ишлаб чиқарувчилари технологиясидан фойдаланамиз. UL га мослиги ҳақида сертификат олдик. Ноябрь ойида маҳсулотимизнинг биринчи партиясини буюртмачиларга юборамиз. Биринчи партия 500-600 киловатт электр қуввати беради. 

Манғистаулик тадбиркор Жанаргуль Жапарова ҳам бизнесини кенгайтириш ниятида. У «Битта қишлоқ – битта маҳсулот» лойиҳаси қатнашчиси. Аёл аввалроқ жунни қайта ишлаш цехига ускуна харид қилиш учун давлатдан грант олган. Ҳозир бизнес-леди янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида.   

Жанаргуль Жапарова, тадбиркор: 

– Биз ўз маҳсулотимизни чиқараётганимизда қўй жунидан чиқинди кўп қолади, биз эса чиқиндисиз ишлаб чиқариш ташкил этиш ниятидамиз. Гап шундаки, қўй жуни чиқиндиси – ажойиб маҳаллий ўғит. Бундай биоўғит чиқариш учун ускуна ва янги цех қурилишига инвестиция топишни истаяпмиз. 

Таъкидлаш лозимки, форумда 450 нафар тадбиркор қатнашди. Расмийлар, экспертлар ва бизнес ҳамжиҳатликда мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.