Қозоғистоннинг транспорт соҳаси рақамлаштириляпти

Қозоғистоннинг транспорт соҳаси рақамлаштириляпти

Қозоғистонда йўлларни бошқариш учун «E-Joldar», деб аталган ягона рақамли майдонча ишга туширилиши режалаштиришляпти. У мамлакатда мавжуд бўлган йўллар тизимини ўзаро боғлайди. Ҳукумат йиғилишида Транспорт вазири Марат Қарабаев таъкидлашича, майдонча базасига мавжуд барча автомобил йўллари киритилади. Унинг ёрдамида соҳани ривожлантириш жараёнлари шаффоф кечади, активлардан фойдаланиш самараси ошади. Умуман олганда, вазирликда таъкидлашларича, автойўллардан фойдаланувчилар, маҳаллий ижро органлари ва мутахассислар ўртасидаги алоқа автоматлашади, рақамли технологиялар босқичма-босқич жорий этилади.

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири:

- Барча пулли йўл участкаларида ҳозир «KazToll» йўлга пул тўлаш тизими ишлаб турибди. 2024 йилда Бош прокуратуранинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар реестри - ЕРАП тизими билан интеграция жараёни якунланди. «Ўртача тезлик» лойиҳаси ишга тушди. Бундан ташқари, жорий йилда Автоматлашган ўлчов станциялари ЕРАП билан интеграцияланади, бу эса оғир транспорт воситаларига нисбатан маъмурий жараёнларни осонлаштиради.

Қозоғистон йўл-транспорт соҳаси, шу жумладан, мамлакат корхоналари ишлаб чиққан инновациявий рақамли лойиҳалар ёрдамида такомиллаштирилади. Улардан 24 таси Astana Hub халқаро технопаркида рўйхатдан ўтказилган. Компаниялар умумий даромади 15 миллиард тенге, экспорт ҳажми 1 миллиард тенге атрофида. Сунъий интеллектдан фойдаланиладиган шундай технологиялардан бири йўллар аҳволини баҳолаш ишини 4 кун ўрнига 4 соатда бажара олади. Яна бири транспорт-логистика соҳасидаги муаммоларни AI технологиялари ёрдамида ҳал этади. Лойиҳалар Қозоғистонда ҳам, МДҲ бозорида ҳам талабга эга. Қозоғистон мутахассисларининг яна бир стартапи дунё миқёсига чиқди. Шу кунларда хорижда 500 та, Қозоғистонда 200 та ақлли тўхташ жойлари у билан жиҳозланяпти.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари, шу жумладан, транспорт-логистика соҳаларида инфратузилмавий ривожланишнинг янги даражасига ўтишга алоҳида эътибор қаратди. Ўтган йил якунларига кўра яхши натижаларга эришилди, аммо иш суръатини ошириш керак. Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги асосий транзит хаби сифатида мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган янги лойиҳалар устида иш бошлаш зарур. Бунинг учун уларни молиялаштириш ва ер участкалари ажратиш масаласини ҳал этиш лозим.

2025 йил охиригача республика йўлларининг 94 фоизи, маҳаллий йўлларнинг 91 фоизи барча нормативларга мос бўлиши кутиляпти. 2027 йилгача барча йирик трассаларда мобиль интернетдан фойдаланиш имконияти яратилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.