Берлин шаҳрида Марказий Осиё бўйича етакчи немис сиёсатшунослари ва экспертлари Қозоғистоннинг ташқи сиёсатга доир ташаббусларини муҳокама қилди. Мамлакат дипломатик миссияси етакчиси Нурлан Ўнжанов йиғилганларга Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммити якунлари бўйича маълумот берди. Шу билан бирга, мазкур мулоқот майдончаси тўлақонли халқаро ташкилотга айланди. Бундан ташқари, экспертлар Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съезди натижалари бўйича фикр алмашди. Немис сиёсатшунослари фикрича, Қозоғистон турли маданиятлар ва конфессиялар руҳонийларини бир ерда жам қилишга эришди. Улар республиканинг этнослараро мулоқотдаги ўрнини кўрсатиб ўтди.
Михаэль-Андреас Бутц, ГФР ташқи ишлар вазирлиги собиқ статс-котиби:
- Қозоғистоннинг Европа ва жаҳон ташқи сиёсатидаги ўрни тобора салмоқли бўлиб бормоқда. Мамлакатингиз Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда. Сиёсий-иқтисодий жиҳатдан эса Қозоғистон Европанинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори. Қозоғистонда кўплаб анжуманлар ўтказилади, уларнинг бош мавзуси – тинчлик ташаббуслари. Шундайлардан бўлган мазкур саммит Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун зарур.
Арне Клеменс Зайферт, Марказий осиё мамлакатлари бўйича эксперт:
- Бу каби саммитлар, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съезди тўлқинланиб турган дунёда жуда муҳим. Мамлакатлар, қитъалар ва жамиятлар ўртасида ишонч муҳити яратиш аҳамиятли. Мен Қозоғистонда олиб бораётган ишлар учун унинг раҳбариятига миннатдорчилик билдириш лозим, деб ҳисоблайман. Жаҳонда сиз каби тинчликсевар сиёсат юритаётганлар у қадар кўп эмас.
Йиғилганлар президент сайловларини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Бу тадбир 20 ноябрда бўлиб ўтади.
Биргит Ветцель, марказий осиё мамлакатлари бўйича эксперт:
- Қозоғистонда Президент бир марта 7 йиллик муддатга сайланади. Давра суҳбатининг аксарият иштирокчилари таъкидлаганидек, бу нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё учун инқилобий ўзгариш. Фикримча, бу тўғри томонга отилган улкан қадам ҳисобланади. Мамлакат тараққиётига катта туртки беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси