Қозоғистоннинг глобал ташаббуслари юқори баҳоланди

Қозоғистон экологик барқарорликка катта эътибор қаратмоқда ва глобал ташаббусларни илгари суришда етакчи, хусусан, Марказий Осиё минтақасида. Бу ҳақда БМТнинг Қозоғистондаги доимий координатори «Silk Way» телеканалига берган эксклюзив интервьюсида маълум қилди. Микаэла Фриберг-Стори таъкидлаганидек, республикамизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 27 та агентлиги ва фонди мавжуд. Улар фаолияти, жумладан, Ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Барқарор тараққиёт мақсадларини рўёбга чиқариш борасида сўз юритар экан, Микаэла Фриберг-Стори шуни айтиб ўтдики, Қозоғистонда рақамли сектор жадал равнақ топмоқда. Хусусан, республикада  илғор лойиҳа - «Оиланинг рақамли картаси» татбиқ этиляпти, у бошқа давлатларда ҳам кенг ёйилиши мумкин. Қозоғистоннинг келгуси янгиланиш ва тараққиётига йўналтирилган ҳаракатлар бундан кейин ҳам БМТ томонидан қўллаб-қувватланади, деди Микаэла Фриберг-Стори.

Микаэла Фриберг-Стори, Қозоғистондаги БМТ доимий координатори:
- Қозоғистон БМТнинг муносиб аъзоси ва унинг тузилмаларида қатнашиш борасида каттагина тажрибага эга. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигидан бошлаб, ташкилотнинг бошқа аҳамиятли позицияларидаги ўрнига қадар. Қозоғистон кейинги 30 йил ичида жадал ривожланди. Бугунги кунгача мамлакат БМТ Устави тамойилларига оғишмай амал қилиб келмоқда. Биз Қозоғистон янги даражага кўтарилганини кўриб турибмиз, у донорга айланяпти ва бошқа мамлакатларни фаол қўллаб-қувватлайди.

 Хуршида Абдуллаева таржимаси.