Қозоғистонда миллий туризм илгариламоқда

Қозоғистонда миллий туризм илгариламоқда

Маданий мерос ва туризмни илгарилатиш. «Ёшлар ва мерос» лойиҳаси доирасида Қозоғистоннинг 12 нафар энг яхши туристик йўналишлари ишлаб чиққанлар мукоофотланди. Танловда Қозоғистоннинг 14 минтақасидан бўлган 178 ЮНЕСКО жамоалари ва клублари қатнашди. Иштирокчилар ёши 16 дан 29 гача. Улар туристик йўналишлар бўйича маълумот тўплашди, аудио- ва видеогидлар яратишди, Қозоғистон маданий ва табиий мероси ҳақида билимларини теранлаштирди. Лойиҳанинг амалий қисмида жамоалар йўналиш тузиши, манзиллар тўғрисида матн ёзиши ва харитасини ясаши керак эди. Менторлар ёрдамида улар лойиҳаларини такомиллаштиришди. Финалгача 12 иш етиб борди.

Асемгуль Қапарова, ЮНЕСКО клублари федерацияси бош котиби:

- Биз ҳозир туристик йўналишлар бўйича мобил илова яратаяпмиз. Ҳозирча ном бермадик. Бир ой ичида тайёр бўлишига умид қиляпмиз. Унга лойиҳа бошида тузилган 60 йўналишнинг ҳаммаси киради. Қайси тилда тайёрланса – шу тилда киритилади. Баъзилари қозоқ тилида, бошқалари рус тилида. 35 йўналиш охиригача ишлаб чиқилган. Уларнинг ҳаммаси иловага қўшилади. Бу иловани 16 декабрь куни, Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигида тақдим этишни режалаштиряпмиз.

Ғолиблар қаторида «Есил бўйлаб пиёда» туристик йўналиши ҳам бор. Ишланма муаллифларининг айтишича, у хорижликларга ҳам, маҳаллий аҳолига ҳам қизиқарли. Бу йўлни босиб ўтган иштирокчилар пойтахтнинг кўркам жойларини томоша қилади, шаҳар янгиликларини тинглайди, бир кунда босиб ўтилган қадамлар рекордини ўрнатади.

Камилла Шингужинова, танлов ғолиби:

- Саёҳатнинг дастлабки нуқтаси - Пирамида, яъни, Тинчлик ва тотувлик саройи. Сўнгра соҳил бўйлаб Марказий парк орқали ўтамиз. Республика кўчасига тушамиз. Сўнгра Серуен пиёдалар кўпригига борамиз. Аудиогидда ҳаддан ташқари кўп рақамлар бўлиши шарт эмас, деб ҳисобладик. Уни бир оз бошқача, эркинроқ услубда тайёрладик. Баъзи қисмларида қўшиқлар бир-биридан кейин берилади. Яъни, бир оз радио дейиш мумкин.

Лойиҳа доирасида туристик йўналишлар тўғрисида маълумотлар чет тилларга таржима қилинади. Улар хорижлик туристларга онлайн тартибда ҳам тақдим этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси