Бунинг учун қувайтлик тревел-блогер махсус илова яратиш ниятида. Бу ишда унга қозоғистонлик Ай-Ти мутахассислар ёрдам беради. Бир неча йил аввал Халид Альмутаирий Қозоғистон, ундаги замонавий шаҳарлар ва тарихий обидалар, табиат қўриқхоналари тўғрисида китоб ёзганди. Лекин рақамли технологиялар даврида бу ахборот етарли эмас. Ишланма муаллифи таъкидлашича, Буюк Дашт манзараларини барча истовчиларга тўлақонли етказиб бериш учун илова яратиш зарур. Ундаги ахборот мунтазам янгиланиб бориши керак. «KazGo – Қозоғистон араблар кўзи билан» иловаси туристик йўналишни оммалаштиришга хизмат қилади, хорижликларнинг республика бўйлаб саёҳат қилишини осонлаштиради. У араб ва бошқа тилларда ишлайди.
Халид Альмутаири, тревел-блогер /Қувайт/:
- Қозоғистон улкан ва қизиқарли мамлакат. Хорижликлар, айниқса, араб аҳолиси ушбу мамлакатни, Алмати, Астанани таниб билиши керак. Биринчи марта 2019 йилда Қозоғистонга келганман. Йўлга чиқишимдан аввал ахборот жуда камлигини ҳис қилганман, тарихий ва диққатга сазовор жойлар ҳақида умуман билмаганман. Шунда гугл мапсдан фойдаланишимга тўғри келган. Айни вақтда, араб саёҳлари учун Қозоғистон тўғрисида тўлақонли маълумотлар беришни ўйлаганман. Бу юртни севмаслик мумкин эмас. Буюк Даштда бўлганларгина унинг тароватини англайди.
Давлат ҳам саёҳатчиларни жалб этиш бўйича катта ишларни амалга оширяпти.
Айдана Жезмурзина, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги сармоялар жалб этиш ва илгарилатиш бошқармаси бош эксперти:
- Қозоғистон режа асосида араб давлатларидан саёҳларни жалб қиляпти. Масалан, жорий йил январидан Қозоғистон ва БАА ўртасидаги рейслар сони ортди. Шунингдек, биз минтақадаги халқаро кўргазмаларда фаол қатнашяпмиз. Инфлюенсерларни ахборот турларига таклиф қиляпмиз. B2B-учрашувлар ташкил этяпмиз. Май ойининг охирида Эр-Рияд ва Дохада маҳаллий бизнес ва туроператорларимиз иштирокида B2B-учрашувлар ўтказилади.
Қозоғистонга, ундаги йўналишларга қизиқиш ортгани, араб давлатларидан саёҳатчилар тобора кўпроқ келаётгани тўғрисида Яқин Шарқ нашрларидан бўлган Zawya ҳам маълум қилди. У мазкур ҳолатни Дубайда бўлиб ўтган Arabian Travel Market халқаро кўргазмаси билан боғлайди. Ўшанда туркомпаниялар мамлакатимиз тақдимотини ўтказди, кўплаб шартномалар имзолади. Ушбу тадбирда республика Яқин Шарқ саёҳатчилари учун трендга кираётган дестинация сифатида тақдирланганди.
Абдумалик Сарманов таржимаси