Қозоғистонликларнинг 69 фоизи коронавирусга қарши вакцина олди. Мажилисда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой шуни маълум қилди. Вазир маълум қилишича, натижада хасталаниш ҳоллари кескин камайди, эпидвазият барқарорлашди.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:
- Бугунги кунда коронавирус инфекцияси тарқалиши бўйича барқарорликка эришилди. Суткасига икки мингтагача ҳолат рўйхатга олиняпти. Бу эса касаллик тарқалишига таъсирини кўрсатди: 1 августга нисбатан репродуктивлик 1,2 марта камайди. Коронавирус инфекцияси бўйича эпидвазият барқарорлашиши шифохонага ётқизиш ҳолатлари камайишида ҳам акс этяпти. Юқумли касалликлар бўлимларидаги ўринларнинг фақат 36 фоизи, жонлантириш бўлимларининг 33 фоизи банд.
Вазирнинг таъкидлашича, Қозоғистонда Pfizer вакцинаси олиши мумкин бўлганлар рўйхати кенгайтирилади. Ҳозирча у 12 ёшдан катта болалар ва ҳомиладор аёлларга мўлжалланган ягона ковидга қарши препарат. Вазир маълум қилишича, йил охиригача 4 миллион доза Pfizer вакцинаси келтирилади. Ҳозирча қозоғистонликлар беш турдаги вакцина: Спутник V, QazVac, Хаят-Вакс, КоронаВак ва Синофарм билан эмлана олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси