Коронавируснинг янги штамми – «омикрон» 30 дан зиёд мутацияга эга. БССТ мутахассислари айтишича, COVID-19нинг янги тури аввалги «дельта-штамм»ларга нисбатан айёрроқ ва хавфлироқ бўлиши мумкин. Вирус Жанубий Африкада ноябрнинг илк ўн кунлигида аниқланган, дунёнинг 23 давлатида қайд этилган.
Виталий Стецик, Қозоғистондаги БССТ Офиси техник зобити:
- Мутациялардан айримларини бошқа вариантларда кўрганмиз. Масалан, улардан бирининг юқиш салоҳияти жуда юқори, яъни одамлар бу вариант билан зарарланиши осон, у одамдан одамга тез ва осонлик билан юқади. Бироқ мазкур назарияни тасдиқлаш учун эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш талаб этилади, улар бутун дунёда, хусусан, Жанубий Африкада ҳам олиб борилмоқда.
Биринчи навбатда, Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари 60 ёшдан катталар, шунингдек, диабет ва онкология сингари хасталикларга чалинган кишиларга олис сафарга чиқишдан тийилишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, БССТ давлатларни аҳолини эмлаш суръатини жадаллаштиришга чақирган.
Виталий Стецик, Қозоғистондаги БССТ Офиси техник зобити:
- Биз коронавируснинг бошқа, хусусан, дельта тури тарқалган пайтда жорий этган тавсияларни келгусида ҳам жорий этишимиз керак. Энг аввало, аҳоли вакцина олиши зарур, айниқса, ковид-19ни оғир ўтказиш хавфи мавжуд бўлган одамлар учун эмланиш жуда муҳим саналади. Айниқса, кекса ёшдаги одамлар, 60 ёшдан катталар, шуни таъкидлаш муҳимки, вакцина касални оғир ўтказиш ва ўлим ҳолатларини камайтиришда ўта самарали.
Экспертлар сўзига кўра, айни пайтда бутун дунё бўйлаб, мутахассислар «омикрон»ни тадқиқ қилмоқда, шунинг учун бугунги кунда хасталик оғир кечишига доир тўлиқ маълумотлар мавжуд эмас. Лекин БССТ мутахассислари барча профилактика чораларига – ниқоб тақиш, қўл ювиш, бинони шамоллатиш ва масофа сақлашга амал қилишни тавсия қилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси