Қозоғистонлик мутахассислар Корея уруғ ва навлар хизмати таклифига кўра Сеулда икки ҳафталик курсда малака оширди. Семинар Тонгги мусаффолик мамлакати Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш халқаро иттифоқига аъзо бўлганининг йигирма йиллигига бағишланди. Бу ташкилотга 78 давлат аъзо. Мамлакатимиз UPOVга аъзоликка қабул қилиниш арафасида. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида мамлакатни маҳаллий навлар уруғи билан таъминлаш режаси устида иш давом этмоқда. Келгуси йилдан уруғларни илгари суриш бўйича рақамли мониторинг ахборот тизими ишга тушиши мўлжалланган. Бунинг учун қозоғистонлик мутахассислар хорижий тажрибани ўрганяпти.
Меруерт Жуандиқова, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги департаменти уруғчилик ва уруғларни синаш бошқармаси эксперти:
- Хорижий компаниялар қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигига инвестиция киритишини рағбатлантириш учун Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш халқаро иттифоқига аъзо бўлиш зарур. Бу йўналишда иш давом этяпти. Кореяда ўтказилаётган Осиёда уруғчилик соҳасини ривожлантириш бўйича тренинг бу йўналишда жаҳонда давом этаётган жараёнлар билан танишиш имконини берди. Таълим доирасида уруғ етиштиришнинг замонавий жараёнларини кўрдик.
Абдумалик Сарманов таржимаси