Кўкшетауда инновациявий усулда қозоқ тили ўргатиляпти. Шаҳарда «Тилдесейик, дўстар!» клуби иш бошлади. Унда давлат тили педагоглар ёрдамида эмас, норасмий даврада, мулоқот шаклида ўзлаштирилади. Талаффуз шаклланади. Клуб аъзолари турли мавзуларда ўзаро гаплашишади, қисқа суҳбатлар ташкил қилинади. Тил клубига турли ёшдаги ўқувчилар, ёшлар ва ҳатто нафақахўрлар келишади. Мутахассислар фикрича, бу формат самарадорлигини исботлади.
Мадина Кўкенова, клуб муаллими:
- Биздаги ўзига хослик шундаки, умуман грамматикага қарамаймиз. Мулоқот, диалоглар, турли вазиятлардан чиқиш, видеороликлар қўйиб бериш каби усуллардан фойдаланамиз. Муҳими, клубга келганларда истак ва ихлос бўлсин.
Таъкидлаш лозимки, мулоқот давомида тингловчилар қозоқ халқининг қадимий анъаналари, урф-одатларини ўзлаштиради. Кичик диалогларни ёдлайди, машқ бажаради.
Қаратай Тўлекеев, вилоят таълим-услубият маркази директори:
- Давлат тилини ўзлаштиришга мўлжалланган 20 ўқув маркази бор. Энди тил клублари очиляпти. Улардаги ўқувчилар сони мунтазам ортмоқда, турли ёшдаги, турли этносларга мансуб одамлар тил ўрганиш ниятида ташриф буюряпти. Сўнгги вақтда маромида ишлай олиши учун қозоқ тили заруратга айланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.