Нур-Султонда қандай инвестициявий лойиҳалар амалга ошади?

Нур-Султонда қандай инвестициявий лойиҳалар амалга ошади?

Astana Invest пойтахтда 87 та инвестициявий лойиҳани рўёбга чиқармоқчи. Ушбу мақсадда 888 миллиард тенге жалб этилди. Инвестицияларнинг асосий қисми шаҳар бош лойиҳаси – Абу-Даби Плазага киритилади. Бино жорий йилда тўла фойдаланишга топширилади. 300 метрли иншоот тепасига Марказий Осиёдаги энг баланд кузатишув майдончаси ўрнатилади. Умуман олганда, мажмуа учун 590 миллиард тенге ажратилган.

Шаҳарда жорий йилнинг ўзида 8 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Улар орасида электроавтобуслар парки, янги умумтаълим мактаблари, нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод бор.

Ержан Балтаев, «Astana Invest» бошқаруви раиси:

- Шаҳримиз навқирон, жадал ўсяпти. Ривожланиш суръатларига кўра мегаполис Абу-Даби билан тенглаша олади. Ҳатто аҳоли сони энг кўп ўсаётган шаҳарлар қаторига киради, дея оламиз. Шунинг учун инвесторлар маблағ тикаётган асосий йўналиш – кўчмас мулк, қурилиш, девелопмент. Инвесторлар учун қизиқарли бўлган яна бир йўналиш: транспорт ва логистика. Бизда шундай ажойиб лойиҳалар рўёбга чиқариляпти.

Таълим соҳасига ҳам катта маблағ киритилади. Ҳозирда 100 миллиард тенгедан зиёд капиталга эга 44 лойиҳа бор. Бу соҳага қизиқиш шунчаки эмас. Келгуси йилдан ўқувчи сони 25 фоизга ортиши кутиляпти. Шу тариқа, ўқувчилар учун яна 38 минг, мактабгача бўлганлар учун 5 ярим мингта қўшимча ўрин тайёрлаш керак. Бир неча лойиҳа устида Сингапур, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн қироллигидан инвесторлар иш бошлади.

Ержан Балтаев, «Astana Invest» бошқаруви раиси:

- Таълим каби соҳаларда жон бошига молиялаштириш каби қонуний ташаббуслар йўлга қўйилди. Аслида бу Ҳукумат, жумладан, Таълим вазирлиги ташаббуси. Бу эса кўплаб тадбиркорлар таълим соҳасига эътибор қаратиши учун туртки берди. Ҳам ижтимоий, ҳам бизнес-лойиҳа сифатида қарала бошланди. Шунинг учун ҳозир қўлимизда турган лойиҳалардан 35 таси таълим йўналишида амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Нур-Султон инвесторлар учун энг жозибали шаҳарлардан бири. Фақат ўтган йилнинг ўзида бир триллион тенгедан зиёд маблағ жалб этилди. Барча инвестицияларнинг 81 фоизини кичик ва ўрта бизнес беряпти. Мутахассислар фикрича, ишлатилмаган имкониятлар ҳали кўп. Жозибали соҳалар ҳам, хорижий капитал ҳам йил сайин ортиб бормоқда.

Басима Сарманова таржимаси