Келгуси 3 йил ичида қозоғистонликларнинг 15 фоизи инвесторларга айланиши мумкин. Мутахассислар берган маълумотга кўра, бугунги кунда жаҳон биржаларидаги жараёнларда 170 минг нафардан зиёд қозоғистонлик иштирок этяпти. Бу эса аҳолининг бир фоизи дегани. Таққослаш учун: Россияда аҳолининг чорак қисми брокер компаниялари мижози. Америкада эса 60-80 фоизи. Айни вақтда, жамғарма биржаларига инвестиция киритиш урфга айланяпти. Бу йўналишда йилига 20 фоизгача даромад олиш мумкин, дейди экспертлар. Қозоғистон пойтахтида жамғарма бозорига яна бир халқаро инвестициявий-молиявий компания кириб келди. Унинг вакиллари таъкидлашича, ўз кучини савдоларда синаб кўришни истаётган мамлакат фуқаролари учун катта имкониятлар эшиги очилмоқда.
Андрей Шульга, Халқаро молия ташкилоти раиси:
- Биз Қозоғистонда кузатаётган нарса – янгиликка интилиш катта. Аҳоли даромади ортмоқда, энг йирик банкларга қўйилган омонат маблағ ҳажми кўпаймоқда, янги брокер ҳисоблари очиляпти. Буларнинг барчаси аҳоли инвестицияларга қизиқаётганини, ўз таваккалларини хилма-хиллаштириш, турли воситаларга маблағ киритишни исташини кўрсатади. Ва биз бу борада ривожланишга, Қозоғистон фуқароларига ёрдам беришга тайёрмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси