Алматида яшовчи 23 ёшли юртдошимиз мусиқа асбобларининг 50 турини ясай олади. Улар орасида кўпчилик учун севимли бўлган дўмбира, қўбиз ва жетиген бор. Уста маҳсулотлари катта талабга эга. Бунга муттасил меҳнат, билим ва истеъдоди орқали эришган.
Абзал Акимбек, халқ чолғулари устаси:
– 7-синфдан бери бўш вақтларимни устахонада дўмбира ясаш билан ўтказардим. Бу коллежга ўқишга киргунимча давом этди. Бу вақт ичида мусиқа асбобларининг турли кўринишларини ясашни ўргандим. Биринчи навбатда ёғочни тўғри танлаш ва ишлов беришдан бошладим. Коллежни тамомлагач, кичикроқ цех очишга қарор қилдим.
Абзал Акимбек ўз хоббисини даромадли ишга айлантира олди. 2019 йилда бошловчи тадбиркор давлат дастури доирасида 2,5 миллион тенге миқдорида грантга эга бўлди. Шу тариқа, замонавий дастгоҳ ва зарур ускуналар харид қилинди. Эндиликда уста йилига 200 дан зиёд турли чолғулар ясайди.
Абзал Акимбек, халқ чолғулари устаси:
– Кўп ҳолларда бизга дўмбира ясашга буюртма берилади. Бу жами буюртмаларнинг тахминан 80 фоизига тенг. Ушбу чолғуга талаб ростдан катта. Халқимизда бир мақол ҳам бор: «Ҳақиқий қозоқ – қозоқнинг ўзи эмас, дўмбирасидир».
Қозоғистонлик устанинг келажак режалари кўп. Улардан бири – ишлаб чиқаришни кенгайтириш. Шунингдек, юртдошимиз халқаро кўргазмаларда иштирок этишни орзу қилади. Лекин бу сал кейинроққа мўлжал қилинган, ҳозирча эса Абзал Акимбек ёш авлодга бу мураккаб ҳунарни ўргатмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси