Қозоғистонлик
ўқувчининг стартапи Кремний водийсида қизиқиш уйғотди. Павлодарлик 11-синф
ўқувчиси Игорь Мартинюкнинг TabAI дастурига Google корпорацияси инфратузилмани
ривожлантириш учун инвестиция ва грант ажратди. Йигитча фойдаланувчининг
рақамли дунёдаги фаоллигини таҳлил қилувчи, вазифаларни ва иш жараёнларини
тартибга келтирувчи сунъий идрок яратди. Унинг лойиҳаси эътиборни бошқариш,
ортиқча маълумот ва турли вазифалар орасида беқарор ҳаракатланишга қарши
курашади. Ҳозир ишланмадан дунёнинг турли давлатларидаги 20 минг нафардан зиёд
одам фойдаланяпти. TabAI 2,5 миллион долларга баҳоланди.
Игорь Мартинюк, инновациявий
типдаги мактаб ўқувчиси /Павлодар/:
- У сиз учун зарур материалларни тўплайди, яъни, шартли равишда олсак,
умумий мазмунга эга, турли мессенжерлардан келган контентни экранингизда
жамлайди. Ёзги мактабда шуғулланган ишлар кўнгилдагидек
давом этса, яъни ривожланиш кузатилса, компаниям, стартап ривожланишда давом
этса, улар кузги, тўлақонли дастурга таклиф этишади. Бу эса ярим миллион
доллар, дегани.
Игорь айни вақтда дунёдаги энг машҳур акселераторлардан биридан таклиф
олди. У YC Startup School (Вай Си Ста́ртап Скул) таълим дастурида қатнашади. Ёшга
кўра чекловлар мавжуд бўлса ҳам, акселератор жамоаси ёш олимга истисно
тариқасида имкон берди. Таълим жараёнини зиммасига олди.
Татьяна Мигунова, инновациявий типдаги мактаб раҳбари /Павлодар/:
- У спорт билан ҳам
шуғулланган, ўрта бўғинда футбол ўйнарди. 8-синфдан кейин ахборот технологияларига
қизиқиб қолди. У ҳамиша ғолиблар қаторида бўлган, турли танловларда ғалаба
қилган. Илмий тадқиқотлар соҳасида фаолиятини «Зерде»да бошлаган.
Қозоғистонлик ўқувчи СИ соҳасида энг жадал ривожланаётган стартаплардан
бири бўлган Cursor компанияси амбассадори бўлди. Шу тариқа
у Қозоғистон ва Марказий Осиё ишланма муаллифлари ҳамжамиятини ривожлантиришда,
таълим бўйича тадбирлар, хакатонлар ўтказиш, AI-ишланма маданиятини
оммалаштиришда қатнашади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

