Қозоғистонга Иордания қироли ташриф буюрди

Қозоғистонга Иордания қироли ташриф буюрди

Қозоғистон ва Иордания ҳамкорликни чуқурлаштиради. Мамлакатимиз ушбу давлатга умумий қиймати 250 миллион доллар бўлган 60 турдаги нохомашё товарлар етказиб беради. Бугун Астанада Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Иордания қироли Абдулла II тор ва кенг таркибда музокара ўтказди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Қозоғистон араб дунёсидаги ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкори — Иордания билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Икки давлатни сиёсий ва иқтисодий алоқалардан ташқари, кўп асрлик қадриятлар ва анъаналар ўзаро боғлайди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Биз сизнинг икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга бўлган ихлосингизни юқори баҳолаймиз. Сизнинг оқилона ва доно етакчилигингиз, минтақада ва глобал даражада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда тутган ўрнини алоҳида таъкидлашни истардим. Сиз туфайли Иордания Яқин Шарқдаги барқарорлик манзилига айланди. Бугунги ташрифингиз икки томонлама алоқаларга қўшимча туртки беришига, муносабатларни мустаҳкамлаши ва янги йўллар очишига ишонаман.

Эслатамиз, жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистон Президенти Иорданияга расмий ташриф билан борганди. Ўшанда томонлар ўзаро товар айланмасини 500 миллион долларга етказиш тўғрисида келишиб олганди. Қозоғистон ва Иордания Давлат раҳбарлари қўшма баёнотини имзолади. Шунингдек, қатор маҳкамалараро ва тижорат ҳужжатларига қўл қўйилди. Астанада томонлар янги ўсиш нуқталарини белгилаб олади. Қозоғистон Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида интермодал юк ташишларни биргаликда ривожлантиришни таклиф этди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, туризм ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорлик салоҳияти катта. Иордания томони тиббиёт, фармацевтика ва мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича ўз таклифларини берди.

Абдулла II бин ал-Ҳусайн, Иордания Ҳошимийлар қироллиги қироли:

– Бугунги учрашув ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва турли соҳаларда икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга бўлган интилишимизни тасдиқлади. Аввалги музокараларимиз натижасида қатор муҳим шартнома ва меморандумлар имзоланганди. Бугунги келишувлар, уларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши давлатларимиз ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни кенгайтиришга асос бўлади, деб ишонаман.

Бундан ташқари, томонлар атом саноатида ҳамкорлик қилади, Тадбиркорлик, туристик алоқалар кенгайиши учун келаси йилдан бошлаб Амман ва Алмати шаҳарлари ўртасида бевосита парвозлар йўлга қўйилиши мумкин.

Давлатлар орасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун қирол Абдулла II Қосим-Жўмарт Тўқаевни Иордания Ҳошимийлар қироллигининг Олий ордени - «ал-Наҳда» билан мукофотлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси