Агросаноат мажмуаси, яшил ва ислом молиясида истиқболли лойиҳалар. «Қозоғистон-БАА» инвестициявий давра суҳбатида шу ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қатнашди.
600 миллион доллар. Ўтган йил якунларига кўра Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги товар айланмаси шундай кўрсаткичга етди. Қосим-Жўмарт Тўқаев фаол ривожланаётган ўзаро муносабатларни юқори баҳолади, мамлакатлар орасидаги ҳамкорлик иқтисодий салоҳият ва манфаатлар, ўзаро ҳурмат ва умумий қадриятларга асосланган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– 30 йил аввал давлатларимиз ўртасида намунали муносабатлар ўрнатилди ва давом этиб келмоқда. БАА минтақадаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкоримиз эканлиги бежиз эмас. Амирликлар Қозоғистонга 3 миллиард доллар инвестиция киритган, Қозоғистон ҳам ушбу давлатга бир миллиард доллардан зиёд сармоя йўллаган. 2022 йил охирига келиб, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 600 миллион долларни ташкил қилди. Бу – улкан ютуқ. Лекин эриша оладиган марраларимиз мўл.
Давлат раҳбари икки давлат орасидаги ҳамкорликни кучайтириши мумкин бўлган асосий йўналишларни тилга олди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратяпти. Давлат раҳбари мамлакат бугунги кунда БАА бозорларига органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришга тайёрлигини тилга олди, республикада ишлаётган, шунингдек, бошқа амирлик компанияларини озиқ-овқат саноатига сармоя киритишга чақирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев республика транспорт салоҳиятини ҳам кўрсатиб ўтди. Давлат раҳбари фикрича, Қозоғистон миллиардлаб долларни ўз ичига олувчи Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи, Марказий Осиё ва Хитой бозорига йўл очиб бериши мумкин.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Марказий Осиё – улкан ва фаол ривожланаётган, ёрқин келажаги бор минтақа. Биз савдони ва Марказий Осиёдаги алоқаларни кенгайтириш учун қатор чегараоша ўтувчи савдо ва логистика марказлари яратиш ниятидамиз. Бундан ташқари, Қозоғистон сифатли йўлларга муҳтож улкан ҳудудга эга. Қўшниларимиз ва Европа Иттифоқи билан бирга «Рақамли транспорт йўлаги» яратиш устида ишлаяпмиз. Мақсадимиз – мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш ва Шарқни Ғарб билан, Шимолни Жануб билан мустаҳкам боғлашдан иборат. Амирлик компаниялари бу ўсиш ва ўзаро алоқалар мустаҳкамланишида иштирок эта олади, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун мамлакатда денгиз ва порт инфратузилмаларини яратиш бўйича Abu Dhabi Ports билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз.
Бундан ташқари, мамлакатимиз Марказий Осиёдаги технологик хабга айланишга интилмоқда. Республикада иқтисодиёт, давлат хизматларини рақамлаштириш фаол давом этяпти. Шу билан бирга, Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда жаҳон миқёсида ишлайдиган молиявий сектор яратиш устида иш олиб борилаётганига ҳам эътибор қаратди. Астана халқаро молиявий марказида ҳозир 64 давлатдан 1 минг 700 та компания ишлаб турибди. Президент давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик кенгайишига умид билдирди. Ҳукумат бизнесга ёрдам беришга тайёр. Бундан ташқари, давлат раҳбари араб инвесторларини Астанадаги халқаро форумга таклиф қилди. Тадбир жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтади.
Абдумалик Сарманов таржимаси