Ковидга қарши кураш: тиббиётчилар одамлар ҳаётини қандай қутқаряпти?

Ковидга қарши кураш: тиббиётчилар одамлар ҳаётини қандай қутқаряпти?

Тўлиб-тошган стационарлар, коронавирус юқтирганларга ёрдам бериш учун қайта жиҳозланган шифохоналар. Пандемиянинг янги тўлқини туфайли Қозоғистонда шундай манзара кузатилмоқда. Миллий травматология ва ортопедия маркази биносида ковид стационари очилди. Жонлантириш бўлимларида 12 бемор сунъий вентиляция ускунасига уланган. Энг ёши 30, каттаси 84 ёшда. Тиббиётчиларнинг барча ҳаракатларига қарамай, сунъий нафас олиш жиҳозига уланганларнинг ўртача 10 фоизи вафот этади. Лекин бундай даргоҳларда минглаб коронавирусга чалинган беморлар оёққа қўйилди. Фақат врачларга тушаётган юклама камаймаяпти.

Павел Останин, миллий травматология ва ортопедия маркази биносида очилган юқумли касалликлар госпитали мудири:

- Кимдир ҳолдан тойгунича уйида ётаверади. Кимдир шундай тузалиб кетаман, деб умид қилади. Охир-оқибат бу нимага олиб келади? 40 фоиз сатурация билан келаётганлар бор, ҳушини йўқотган, уларни қандай даволаш мумкин? Курашиш, ҳаракат қилишга тўғри келади. Мана, ортимда янги келган ва анчадан бери хасталанганлар ётибди. Жонлантириш бўлимида бемор камида икки ҳафта қолади. Ўртача ҳисобда реанимацияда 21 кун қолади. Ижобий натижа билан якунланган энг узоқ муддат - 50 кун. Давом этаётган пандемиянинг асосий муаммоси – бемор жуда кўп, бегона контактлар ҳаддан ташқари, ижтимоий интизом умуман йўқ.

Врачлар маълум қилишича, симптомлар ҳам ўзгарди. Илгари асосан ўпка жабрланаётган бўлса, ҳозир беморларнинг тахминан учдан бир қисми ошқозон-ичак тракти, асаб тизими ва бўғимлар хасталанганидан шикоят қилмоқда. Тобора мураккаб касаллар келяпти, кўпроқ мутахассисларга мурожаат этиляпти. Шифокорлар хавфсизлик қоидаларига бепарво бўлмаслик ва вакцина олишга чақирмоқда.