Қозоғистонда янги Конституция лойиҳаси фаол муҳокама қилиняпти

Қозоғистонда янги Конституция лойиҳаси фаол муҳокама қилиняпти

Қозоғистон минтақаларида янги Конституция лойиҳаси фаол муҳокама қилиняпти. Ақтўбе минтақавий университетида унга бағишланган форум ўтказилди. Олий таълим даргоҳи талабалари очиқ мунозараларда қатнашди, фикр алмашишди, ўзларини қизиқтирган масалаларни муҳокама қилишди. Нотиқлар Асосий қонуннинг янги таҳрири тараққиёт ва рақамли технологияларни жамлаган стратегик жавоб эканлигини таъкидлашди. Фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилишга, буллингга қарши кураш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнини кенгайтиришига  алоҳида эътибор берилди.

Нарқўзи Қартжан, Ақтўбе минтақавий университети проректори:

- Конституция барқарорлик, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий адолатнинг асоси. Биз буни ёшларга тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Форумга машҳур одамлар, ўз фикрига эга қозоғистонликларни таклиф этдик. Улар шахсий профессионал тажрибасини баҳам кўрди, мамлакатни модернизациялаш жараёнидаги ёшларнинг фаол иштирокини таъкидлади.

Айни вақтда, Умуммиллий коалиция аъзолари Жамбил вилоятига борди. Улар темирйўл соҳаси ходимлари, ўрмон хўжалиги жамоаси, фахрийлар билан учрашди. Учрашувлар давомида янги Конституция лойиҳаси тушунтирилди, тушган саволларга жавоб берилди. Таъкидлаш лозимки, мамлакат Асосий қонунининг янгиланиши жамиятнинг замонавий талабларга мувофиқ модернизациялашни кўзда тутади. Учрашув қатнашчилари фикрича, буларнинг ҳаммаси давлат ҳокимияти органларининг мувозанатли ишлашини таъминлайди. Узоқ муддатли барқарор ривожланиш  учун мустаҳкам асос яратади. Коалиция аъзоларининг таъкидлашича, тинчлик ва барқарорлик Қозоғистон жамиятининг, фуқаролар билан очиқ мулоқот эса ўтказилаётган ислоҳотларнинг асосий қадрияти бўлиб қолаверади.

Жигули Дайрабаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати, Умуммиллий коалиция аъзоси:

- Янги Конституцияни яратиш ишида олимлар, ҳуқуқшунослар, давлатчилик ривожига хизмат қилган жамоат арбоблари, депутатлар иштирок этди. Натижада, тўла янгиланган Асосий қонун шаклланди, унинг лойиҳаси аҳоли эътиборига тақдим этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси