Қозоғистонда волонтёрлар сафи кенгаймоқда. Ягона майдончада берилган маълумотга кўра, мамлакатда 3 минг 400 дан кўпроқ шундай ташкилот ишлаб турибди. Улар таркибида 51 мингдан кўпроқ аъзо бор. Ақмўла вилоятида яшовчи Андрей ва Марина Лутошкина жуфтлиги 2014 йилдан буён кўнгиллилар сафида. Улар турли, шу жумладан, халқаро даражадаги лойиҳаларда қатнашмоқда, ўзлари ҳам қатор акцияларга раҳбарлик қилди.
Андрей Лутошкин, волонтёр:
– Шуни таъкидлашни истардимки, волонтёрлик – ўз истагингиз билан, баъзида ҳатто ўзингизни қизиқтирмаган ишлар билан шуғулланиш, дегани. Бу эса волонтёрлик самараси. Эвазига сиз нима оласиз, дейдиганлар ҳам бор. Бизга ёрдамимиз теккан одамлардан олинган ижобий туйғулар муҳим. Уни ўлчаш имконсиз.
Сўнгги йилларда волонтёрлик ҳаракатига эътибор ортмоқда, унинг мақоми кўтариляпти. Махсус ишлаб чиқилган мобиль илова фаолиятни мувофиқлаштириш учун барча кўнгиллиларни рўйхатга олиш имконини беради.
Мансия Есекеева, ёшлар имкониятлари маркази раҳбари:
- Иловани кўчириб олишингиз билан, смартфон экранига: «Сизга ёрдам керакми ёки ёрдам бермоқчисизми?» деган ёзув чиқади. Агар волонтёр сифатида ёрдам беришни истасангиз, рўйхатдан ўтасиз. Шундан кейин кимга ва қаерда ёрдам кераклиги ҳақидаги маълумотни кўрасиз. Бир томондан, бу - ўз вақтида ёрдам ташкил қилиш, иккинчи томондан, муҳтожлар ва волонтёрларни боғлаш учун зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси