Қозоғистон жиноят ҳуқуқи бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Қозоғистон жиноят ҳуқуқи бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Сенат жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Шартнома доирасида тегишли органлар бир-бирига ёрдам кўрсатади. Буюмлар мусодара қилиниши, тинтув ўтказилиши, банк ҳисобини аниқлаш, икки давлатдаги жиноятчиларни тергов қилиш мумкин. Бугунги кунда давлатлар консуллик ҳисобида 500 нафар одам бор.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:

- Қабул қилинган қонун Қозоғистон ва Франция ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилишнинг ҳуқуқий асосини шакллантиради. Тегишлича, унда икки давлатнинг тегишли хизматлари ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби кўрсатилган. Биз шундай халқаро шартномалар жиноятчиликка қарши кураш  самарадорлигини оширади, деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳам жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилмоқда. Икки давлат ҳудудида қамоқ жазосига ҳукм қилинган фуқаролар ўз ватанида жазо муддатини ўташи мумкин. Ҳозир Қозоғистонда 486 нафар озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонлик бор. Қўшни давлатда эса 20 нафар ватандошимиз қамоқда ўтирибди. Бундай чора-тадбирлар ижтимоий тарбия воситаси ҳисобланади.

Асет Чиндалиев, Қозоғистон Республикаси бош прокурор ўринбосари:

- Маҳкум икки давлатдан бирининг фуқароси бўлса, унинг қилган иши ҳар икки давлатда жиноят ҳисобланса, ўталадиган жазо муддати бир йилдан кам бўлмаса, ҳар икки давлат розилик билдирса, бу имкониятдан фойдаланилади. Агарда давлат суверенитети ва хавфсизлигига зарар етказилса, миллий қонунчиликда фарқ мавжуд бўлса, маҳкум қарздор ёки суд, тергов ишлари давом этаётган бўлса, ариза рад этилади. Маҳкумнинг ўз ихтиёри билан ўз давлатида ҳукмни ўташ учун ўтказилишида талаб қилинадиган асосий ҳужжатлардан бири – қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахснинг ўз қўли билан ёзилган, ўз ватанида жазо муддатини ўташни исташи аниқ жумлалар билан кўрсатиб берилган аризаси ҳисобланади.

Шу кунгача Қозоғистон 34 давлат билан жиноят-ҳуқуқ соҳасида 72 та икки томонлама шартнома тузган. Улар орасида Европадаги Италия, Буюк Британия, Испания, Монако ва Венгрия ҳам бор. Иқтисодиёт ва туризм соҳаларида ҳамкорлик ривожланган давлатларга бу борада устуворлик берилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси