Йил бошидан буён мамлакатда Субсидиялаш бўйича ягона давлат ахборот тизими ишлаб турибди. У фермерларга бепул дотация ажратишни таъминлайди. Ишларни янгича ташкил этиш туфайли 1 миллиард тенгедан зиёд маблағ тежалди. Шаффофликни таъминлаш учун эса аризалар навбатига кўра ягона рўйхатда қайд этилмоқда, шунингдек, вилоятлар ва субсидиялар бўйича «очиқ бюджет» функцияси яратилган. Бош вазир Қишлоқ хўжалиги вазирлигига майдонча ишини такомиллаштириш, ҳокимларга субсидия учун маблағларни вақтида етказиб бериш, фермерлар билан бирга йил охиригача далаларни рақамлаштиришни топширди. Қозоғистон Ер ости бойликларидан фойдаланувчилар ягона майдончаси ҳам ишлаб турибди. У давлат ишларини автоматлаштириш ҳисобига фойдали қазилмаларни излаб топиш ва қазиб олиш бўйича лицензиялар бериш жараёнини жадаллаштириш ҳамда соддалаштиришга мўлжалланган. Портал орқали эҳтимолий инвесторлар уларни қизиқтирган участкалар тўғрисида тўлиқ маълумот олиши мумкин. Яқин келажакда геологик маълумотлар ва ҳисоботларни тўлиқ рақамлаштириш ва порталга киритиш, қатор бошқа материалларни қўйиш кўзда тутилган. Вазирлар маҳкамасида атроф муҳит аҳволи ва табиий захиралар миллий маълумотлар банкини яратиш масаласи муҳокама қилинди. Бу майдонча реал мавжудликда турли экологик ахборотни тақдим этиши кутиляпти. Майдонча декабрда ишга тушади.
Абдумалик Сарманов таржимаси