Турк кенгаши мамлакатлари ёшларининг учинчи форуми Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказилди. Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ва Озарбайжон делегациялари ёшлар қайси томонга қараб ҳаракатланиши лозимлигини тилга олишди, маънавий-анъанавий меросни сақлаб қолиш ҳақида сўз юритди. Форумда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ёшлар салоҳиятини ошириш учун асос яратиш фикрига катта эътибор қаратилди. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистон халқ ассамблеялари ёшлар тузилмалари вакилларининг алоҳида учрашуви ҳам ташкил этилди. Қўшни юрт етакчилари Қозоғистондаги олий таълим масканлари ва уларда таълим олиш имкониятларига қизиқиш билдирди. Шунингдек, таълим ярмаркаси ўтказиш таклиф этилди. Томонлар яқин ҳамкорликда, онлайн шаклда иш юритишга келишиб олди.
Тимур Жумурбаев, Қозоғистон Республикаси ҚХА «Жарасим» республика ёшлар ташкилоти раиси:
- Бугунги кунда фуқароларимизнинг қанчалик билимли эканлиги жамият рақобатбардошлигини белгилаб беради. Шунинг учун олий ва ўрта таълим сифатини кўтариш зарур. Бу ҳақда президент ҳам айтиб ўтди. Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва парламентига қонунчилик базасини яратиш ҳамда олий таълим соҳасида рақобат муҳитини яратувчи қарорлар қабул қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Анар Ғасимов, Қирғизистон Республикаси ҚХА ёшлар қаноти раиси ўринбосари:
- Турли масалалар кўрилди. Ижтимоий, ахборот, таълим ва волонтёрлик соҳаларидаги ҳамкорлик муҳокама этилди. Турли муаммолар кўриб чиқилди. Биз онлайн анжуман муддатини белгилаб олдик, келгусида ўтказиладиган ушбу тадбир доирасида рўёбга чиқариладиган лойиҳалар хусусида батафсил фикр алмашиш ниятидамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси