Қозоғистонда транспорт ҳужжатларини бошқаришнинг ягона тизими ишга туширилади. У ЕОИИ, Европа Иттифоқи ва Хитой йўлакларида ҳужжатларни расмийлаштириш, дунёнинг ҳар қандай қисмидан келаётган транспорт йўл ҳужжатларини тайёрлашни жадаллаштириш имконини беради. Бундан ташқари, туркий давлатларда келаси йили юк ташув стандартлари кучга киради. Шу тариқа, ТДТ мамлакатларида ижозат олиш жараёнлари жадал амалга оширилади, бу эса савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун имконият беради. Мамлакат транспорт соҳасидаги режалаштирилган ва амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида тегишли вазирлик маълумот тарқатди. Келажакда дарё кемалари денгиз кемалари каби махсус навигация тизимидан фойдаланади. Мамлакат ғарбида – Ақтау ва Қуриқ денгиз портларида ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва юкларни Ўрта йўлак орқали ташишни жадаллаштириш ишлари фаоллашаяпти. Рақамли ечимлар халқаро йўналишда контейнерларни ташишда ҳам қўл келди, 9 ой ичида Хитойдан келтирилаётган юк ҳажми 27 марта ошди.
Мақсат Қалиакпаров, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:
- Хитойдан Европага Қозоғистон орқали контейнер юклари ташуви 62 фоизга ошди, бу жуда катта кўрсаткич. Умуман олганда, барча экспорт ва импорт йўналишларида иш ҳажми ортяпти. Рақамли майдончалар туфайли экспорт ҳажми 22 фоизга кўпайди. Йил охирига бориб, барча транспорт турлари, жумладан, автотранспорт, темирйўл, авиатранспорт фаоллиги ортади. Авиатранспортда 15-20, темирйўлда 30, автотранспортда 30-40 фоизлик ўсиш кузатилишини кутяпмиз.
Қасим Тлепов, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги Темирйўл ва сув транспорти қўмитаси раиси:
- Ҳар ойда кўрсаткичлар ортмоқда, илгари ойига 1-2 та контейнер поездига хизмат қилинса, ҳозир 40 та поезд, ҳатто 50 та контейнер поезди Транскаспий йўналиши бўйича ўтказилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро юк ташувчилари ҳам юк машиналари юриши учун Транскаспий Халқаро транспорт йўлагидан фойдаланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.