Қозоғистонлик режиссёр Элдар Шибанов ҳамда продюсер Юлия Левицкаянинг тўла метражли «Тоғ пиёзи» кинолойиҳаси илк марта «Biennale College Cinema»нинг 10-сони учун танлаб олинди. Ўзига хос кино лабораторияси Венеция биенналеси томонидан Италия маданият вазирлиги кўмагида ташкил этилган. Асосий мақсад – кинода янги истеъдодларни илгари суриш. Таъкидлаймиз, қозоғистонлик режиссёр картинасида 11 ёшли Жабайнинг улғайиш жараёни акс эттирилган. Дарвоқе, Элдар Шибанов Италия, Эрон ва Финляндия вакиллари билан бирга финалчилар тўртлигига кирган. Жамоалар Венециядаги иккита семинарнинг бирида иштирок этди. Январь ойида иккинчи семинар бўлиб ўтади, унда биеннале гранти асосида бадиий фильмлар ишлаш қачон бошланиши маълум қилинади. Олинган фильмлар 79- Венеция кинофестивалида тақдим этилади.
Элдар Шибанов, режиссёр:
- Асосий критерийлардан бири – фильмни белгиланган муддатда ва келишилган бюджет доирасида суратга олиш. Бу кўпроқ мустақил продакшн бўлиши керак. Чунки бу кам бюджетли кино, микробюджет. Биеннале-коллежда иштирок этиш – бу, албатта, лойиҳамни экспертлар баҳолаши, уни амалга ошириш, фильмни намойиш этиш, халқаро фестивалнинг А-классида премьерасини ўтказиш учун имкон беради. Шунингдек, мутахассислар кўмагида воркшоплар, бутун дунёдан муаллифлар, уларнинг лойиҳалари билан қизиқарли танишув, мен учун энг муҳими, воркшоплар чоғида лойиҳам ҳақидаги турли-туман фикрлар, қарашларни эшитиш.
Хуршида Абдуллаева таржимаси