Қозоғистонда тиббий хизматни рақамлаштириш фаол давом этяпти. Ягона давлат тиббий ахборот тизими яратиляпти, умумий тиббий маълумотлар базаси шаклланяпти. Мамлакатнинг барча минтақаларида «Рақамли ҳужжат» сервиси, Face ID тизими, шунингдек, тиббий хизматларга ҳақ тўлашга мўлжалланган рақамли майдонча ишлаб турибди. Астанада ва Алматида «тез ёрдам» ходимларини муҳофаза этишга қаратилган видеожетонлардан фойдаланиш пилот лойиҳаси рўёбга чиқариляпти. Маълумотномалар электрон форматга ўтказиляпти. Давлат хизматларини автоматлаштириш ушбу соҳада 87 фоиздан ошди. Республикада замонавий ва инновациявий тиббий тизим шаклланяпти, тиббий туризм кенгайиб боряпти. 50 та мамлакат фуқаролари атиги 30 дақиқада Қозоғистонда даволаниш учун электрон виза олиши мумкин. Йил бошидан буён 1,5 минг нафар хорижликка тиббий ёрдам кўрсатилди, бу эса мамлакат тиббиётига ишонч ортаётганини тасдиқлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

