Қозоғистонда темирйўл тармоғи кенгайтирилади

Қозоғистонда темирйўл тармоғи кенгайтирилади

Темир йўл тармоғига эътибор. Қозоғистон транспорт инфратузилмасини модернизация қилишда давом этяпти. Келгуси уч йилда мамлакатда узунлиги 1 минг 300 километрдан зиёд темир йўл линиялари қуриш, минг километрга яқин йўлларни модернизация қилиш режалаштирилган. Натижада, магистралларнинг ўтказиш имконияти ортади, логистика харажатлари камаяди, республика транзит салоҳияти мустаҳкамланади. Жорий йилда "Дарбаза - Мақтаарал" ва "Мўйинти - Қизилжар" йўллари қурилиши якунланади. Ноябрь ойида улар орқали ҳаракат бошланади. Натижада, 2026 йилда транзит ҳажмини 55 миллион тоннагача ошириш имкони яратилади. Ҳукумат йиғилишида темир йўл тармоғини модернизация қилиш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур йўллар айни вақтда мамлакатнинг саноат корхоналари ва конларига олиб борувчи янги йўналишлар яратилишига олиб келади. Транспорт тармоғининг ривожланиши ҳудудлар учун янги имкониятлар очади, юк ташиш самарадорлигини оширади, Қозоғистоннинг Евроосиёдаги транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.


Нурлан Сауранбаев, Қозоғистон Республикаси транспорт вазири:

- Юк айланмасининг 57 фоизи темир йўл транспорти ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, темир йўл тармоғи умумий транспорт хизматларининг учдан бир қисмини таъминлайди. Транзит юк ташиш темир йўл соҳасини ривожлантиришнинг асосий драйвери. Сўнгги беш йилда транзит ҳажми 20 миллион тоннадан 33 миллион тоннагача ошди. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 67 миллион тоннага, 2040 йилгача 100 миллион тоннага етиши режалаштирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.