Тиббиётда сунъий идрок элементлари фаол жорий этиляпти. Қозоғистонда сурункали, юқумли бўлмаган касалликларни бошқариш учун тайёрланган майдонча фаолият юритяпти. qMed ишланмаси шифокорларнинг беморлар билан ўзаро алоқасини осонлаштиради, тиббиётчилар ишини автоматлаштиради. Масалан, қоғоз ишлари билан боғлиқ бир тахлитдаги вазифаларни енгиллаштиради, хато қилиш эҳтимоллигини камайтиради, ёрдам сифатини яхшилайди, вақтни тежайди. Беморлар учун ҳам фойдали. Улар саломатлигини кузатиб боришга ёрдам берувчи илова, масофадан туриб тавсиялар олишади. Амалий натижалар ҳам кузатиляпти: майдонча туфайли ўтган йили Астанада «тез ёрдам»га мурожаат 60 фоизга, шифокорларни уйга чақириш ҳоллари 64 фоизга камайди. Яқин келажакда qMed Жамбил, Қизилўрда, Жетису вилоятлари ва Чимкент шаҳрида жорий этилиши кутиляпти.
Нурлан Биимбет, QMED асосчиси:
- Бу майдонча аҳволига қараб беморларни «яшил», «сариқ», «қизил» зоналарга ажратади. Агар бемор «сариқ» зонага ўтса — автомат шаклда унга «бугун сиз «сариқ» зонадасиз, бундай мураккабликлар пайдо бўлди, бундай белгилар бор, шифокорга дарҳол мурожаат этинг» деган хабар келади. Интерфейснинг у томонидаги тиббий ташкилотга эса бевосита даволовчи шифокор ва ҳамширага фалон бемор «сариқ» зонага кирди, деган хабар боради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

