Қозоғистонда жорий йилда қора металлга ишлов беришга доир олтита лойиҳа ишга туширилади. Улар Чимкент шаҳри, Қарағанди, Жамбил ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида барпо этилади. Бу ҳақда брифингда Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамқулов маълум қилди. Унинг айтишича, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши маҳаллий металл маҳсулотлари, хусусан, ферроқотишмалар, қурилиш арматураси ва пўлат пайвандли қувур ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга имкон яратади. Умуман, 2021 йилда қайта ишлаш саноати ҳажми ошиши кутилмоқда. Деярли 6 фоизга. Бундан ташқари, вазирлик раҳбари республикада кимё саноати соҳасида учта янги лойиҳа ишга туширилишини ҳам айтиб ўтди.
Бейбут Атамқулов, Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:
- Кимё соҳасида улуши 57 фоиз бўлган йирик тармоқ корхоналари ҳажми ошиши ҳисобидан физик ҳажм индекси 102 фоиз даражага чиқиши кутиляпти. Биз фосфорли ўғит ишлаб чиқариш ҳажмини 16 фоизга, аммофосни 15 фоизга, аммиак селитрасини 10 фоизга, хром бирикмаларини 13 фоизга оширишни режа қилганмиз.
Бейбут Атамқулов айтишича, республикадаги махсус иқтисодий зоналарда яратилган шарт-шароитлар барча тармоқлар ривожига ижобий таъсир қилади. Йил бошидан бери уларда 285 миллиард тенге миқдоридаги 9 та лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳалар юртимизда IT-маҳсулотлар, шунингдек, текстиль ва тиббиёт моллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга замин яратди.
Бейбут Атамқулов, Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:
- Айни пайтда Давлат раҳбари топшириғига биноан, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини яхшилаш йўлларини ишлаб чиқяпмиз. Асосий эътибор маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилади. Келгусида маҳаллий таркибни ошириш усуллари такомиллашади. Бунинг учун тегишли қонун ўзгаришлари ишлаб чиқилмоқда. Харидларда маҳаллий таркибнинг минимал даражасига риоя қилиш бўйича ер ости бойликларидан фойдаланувчилар билан ихтиёрий шартномалар тузиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси