Қозоғистон АЭС қуришда АҚШ тажрибасини кўриб чиқмайди. Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда мамлакат Энергетика вазири маълум қилишича, мамлакатимизга кириб келиши мумкин бўлган бир қанча технологиялар бор. Ҳозирча улардан бирортаси танлаб олинганича йўқ. Хавфсизлик ва сейсмика юзасидан тадқиқотлар давом этяпти. Қурилиш майдончаси белгиланди: атом электр станцияси Балхаш яқинидаги Улькен посёлкасида бунёд этилади.
Бўлат Ақчулақов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири:
- Биз мақбул келадиган технологияларни танлаб олиш ниятидамиз, дегандик. Аниқ бир технологияни белгилаб олганимизча йўқ. Туркияга, Францияга, Жанубий Кореяга бордик. Ўтган йили Бирлашган араб амирликларида бўлдик. Венгриядаги объектларни кўриб чиқишни режалаштирганмиз. Бу станцияларнинг барчаси турли технологиялар асосида қурилган. Лекин ҳамма ижобий ва салбий жиҳатларни ҳисобга олиб улгурмадик.
Вазир мамлакатда АЭС қуриш ва унга хизмат кўрсатиш учун тегишли даражада малакага эга мутахассислар етиштириш масаласини ҳам тилга олди. Унинг фикрича, бўлажак ходимлар ядро физикасига оид билимларга эга бўлиши шарт. Дастлабки йилларда хорижлик мутахассислар ёрдамига таянишга тўғри келади.
Бўлат Ақчулақов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири:
- АЭС – шунчаки сотиб олиб, уйга ўрнатиладиган ускуна эмас. уни бунёд этгач, станциядан тўғри фойдаланиш энг муҳим ишлардан бири. Хавфсизликни аввало кадрлар таъминлайди. Ҳаммасини тушунадиган ва ишлайдиган одамлар. Афсуски, Қозоғистонда атом станциялари йўқлиги сабабли етарлича кадр ҳам йўқ. Биз режалаштирганимиз каби битта икки блокли электр станцияни мунтазам ишлатиш учун эса камида 2 мингга яқин мутахассис керак бўлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.