Қозоғистонда ўрмон ва парклар майдони кенгайтирилади

Қозоғистонда ўрмон ва парклар майдони кенгайтирилади. 2027 йил охиригача 1 миллиарддан зиёд кўчат ўтқазилиши режалаштирилган.  Ўрмон саноати соҳасига инвесторлар фаол жалб қилинади. Ҳукумат Президент топшириғи доирасида республикада ўрмонларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. 2021 йилдан буён жами 970 миллион кўчат ўтқазилган. 5 йил ичида ўрмонлар ҳудуди 267 минг гектарга ортди. Ўрмон хўжаликлари, парклар ва резерватларни махсус ёнғинга қарши техника билан таъминлаш бўйичакатта ишлар амалга ошириляпти. Ушбу мақсадда жорий йилда 52 миллиард тенге сарфланади. Вазирлик ўрмонларда ўт чиқишини аниқлаш тизимини ишга тушираяпти. У давлатга қарашли 900 минг гектар ҳудудни назорат қилади. «Бурабай» миллий паркида жорий этилган тизим туфайли ёнғинлар сони 50 марта камайди. Умумий қиймати уч миллиард тенгедан зиёд бўлган шу каби яна бир тизим келаси йил давомида «Семей ўрмони» резерватида ишга туширилади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

– Ўрмон ва парклар ҳудудини кенгайтириш, келгуси авлодлар учун биологик хилма-хилликни сақлаб қолиб экологик вазиятни яхшилаш бобидаги энг муҳим устуворликлар қаторида қолаверади. Бу узоқ муддатли мураккаб вазифа. Унга мунтазам эътибор қаратиш лозим.  Давлат раҳбари 2 миллиард туп дарахт ўтқазиш топшриғини берди. Бу эса мамлакат ўрмон жамғармаси ҳудудини 14 ярим миллион гектарга етказиш имконини беради. Бизда улкан ўрмонлар йўқ. Шунинг учун ўзимизда мавжуд бўлган ўрмонларни сақлаб қолиш, кенгайтириш учун бор кучимизни беришимиз жуда муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси.