Қозоғистонда полиэтилен ишлаб чиқарадиган завод қурилади

Қозоғистонда интеграцияланган газ-кимё мажмуаси барпо этилади. Корхонада Америка технологияси асосида полиэтиленнинг 22 тача маркаси ишлаб чиқарилиши режа қилинган, шундан 40 фоизи премиал тоифада бўлади. Маҳсулотни саноатда ҳам, маиший турмушда ҳам ишлатса бўлади. Жаҳонда энг талабгир бўлган полимер ташқи бозорлар – МДҲ, Хитой, Туркия, Европа давлатларига ҳам жўнатилиши кўзланган. Бугун Бош вазир Ўлжас Бектенов жаҳоннинг йирик нефть-газ-кимё компаниялари - «Sinopec» ва «Сибур» раҳбарлари билан мажмуа қурилишини муҳокама қилди. Завод 2029 йилгача махсус иқтисодий зона ҳудудида барпо этилади. Шунингдек, лойиҳани рўёбга чиқариш учун Тенгиз конида газ ажратиш мажмуаси ҳамда магистрал трубопровод қурилиши режалаштирилган. “Полиэтилен” лойиҳаси ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга туртки беради, мамлакат ЯИМда унинг улуши 1 фоиздан кўпроқни ташкил этади. 

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

 Қозоғистон учун устувор вазифа мамлакатда юқори қийматли ишлаб чиқаришни яратишдир. Биз хомашё сотуви билан шуғулланган вақтлар қайтмас бўлиб кетади. Биз айнан юқори қўшимча қийматли юксак технологияли ишлаб чиқаришдан манфаатдормиз. Шунинг учун бу каби лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Шундай лойиҳалардан бири –  «Полиэтилен» лойиҳаси, шунинг устида сиз билан бирга иш олиб борамиз. Бугун эътиборингизни қаратмоқчи бўлган муҳим масала – лойиҳадаги маҳаллий маҳсулот улуши. Давлат ўз томонидан барча зарур кўмакни кўрсатишга тайёр. Ҳамкорларимиз лойиҳадаги Қозоғистон маҳсулоти улушига эътибор билан муносабатда бўлишларини кутиб қоламиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.