Қозоғистонда биринчи марта ёш болаларнирнг оналари учун футбол тўгараги
очилди. Одатда оналарнинг болаларига жони ачиб турса, пойтахтдаги мактабда
ҳаммаси бошқача. Унда болалар ишқибозлик қилишади.
Айнур Избасқанова ўғлини футбол тўгарагига берган. Ўзи эса бола вақтида
ҳовлида тўп тепганини айтмаса, футбол ўйинидан хабари йўқ эди. Лекин боласининг
ўйинини кўриб ичи қизиган она дарвозага тўп киритишни истаб қолди ва тўгаракка
ёзилди. У ҳам ўғли каби ҳужумчи бўлиб ўйнаяпти.
Айнур Избасқанова, тўгарак аъзоси:
- Беллашувларда, турнирларда, болаларимиз майдонга
чиққанида ишқибозлик қиламиз. Очиғини айтиш керак, ўзимизнинг ҳам ўйнагимиз
келиб кетади.
Кулаш Манкиева эса ушбу мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича
ўринбосари. Кўп вақтини болаларга кўз-қулоқ бўлиб ўтказади. Бўш вақтида иккинчи
фарзандини клубга ташийди, шу орада ўзи ҳам футболга қизиқиб қолди. Майдонга
чиққанда педагог ўнг чеккадаги ҳимоячи вазифасини бажаради. У шунчаки ўз
майдонини муҳофаза қилмайди, тез-тез чизиқ бўйлаб ҳужум уюштиради.
Кулаш Манкиева, тўгарак аъзоси:
- Очиғи, олдинига бир оз қўрқдим. Тўпга хавотир билан
қарардим. Қандай ўйнарканман, деган хаёллар бўлдим. Лекин қўрқмаслик керак экан.
Буни энди тушундим. Машғулотларда олган энергиям уйда ҳам таъсирини кўрсатади. Бир
неча марта «чарчадим», деб машғулотларга бормаган ҳолларим бўлди. Кейин
афсусландим. Чунки анча нарсаларни ўргана олмай қолдим.
Оналар футбол клуби тузиш ташаббуси Жанерке Пермедан чиққанди. У аввал Қозоғистон
аёллар миллий терма жамоасида ўйнаган.
Аввалига мактаб ўқувчилари билан шуғулланиб юрган. Сўнгра аёлларнинг
ҳамжиҳатлигини ошириш учун яна бир тўгарак очди.
Жанерке Перме, тренер:
- Биз ота-оналар билан ҳозирча тактика бўйича ишламадик
ҳисоб. Лекин тренер сифатида ҳозир футбол жамоаларининг ҳеч бири ҳимояда
турмайди, деб ҳисоблайман. Кўпроқ ҳужумга эътибор қилишади. Ота-оналар орасида
ҳам қаршидаги рақибни алдаб ўтиб, тўп киритаётганлар бор. Энди уларнинг футболга
муносабати ҳам ўзгарди. Олдинига имкони йўқ деган нарсани ҳозир ўзлаштира
бошлашди. Ўзгаришлар катта. Ҳаракати яхши.
Мактаб директори Гүлжан Тўлеунинг айтишича, мактабда 4 минг 500 нафардан
зиёд ўқувчи таълим олади. Уларнинг кўпчилиги футбол билан шуғулланади. Шундай
бўлса-да, ота-оналар учун ҳам графикдан вақт ажратилди. Натижада, оналар
жамоаси икки ойдан буён шуғулланиб келяпти. Келажакда, жамоа хориждаги
оналардан тузилган жамоалар билан беллашиш ниятида. Октябрда улар Россиядаги турнирга
қатнашишади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси