Қозоғистонда барча
қурилиш лойиҳаларида тизимли рақамли назорат ва мажмуавий экспертиза йўлга
қўйиляпти. Бу нарса янги Қурилиш кодексида ёзиб қўйилган, дея маълум қилди Саноат
ва қурилиш вазири ўринбосари Қуандиқ Қажкенов. Эслатамиз, Президент Қосим-Жўмарт
Тўқаев 9 январь куни ушбу ҳужжатни имзолади. Кодекс шаҳар ва қишлоқларнинг бош
ва деталли режаларини ўзгартиришга чеклов қўяди. Эндиликда бетартиб
қурилишларга йўл бермаслик учун уларни икки йилда фақат бир мартагина қайта
кўриб чиқиш мумкин. Қурилишдаги режалаштиришдан мувофиқлаштиришгача бўлган
жараёнлари рақамли форматда ягона портал орқали ўтади. Натижада, мактаблар,
хиёбон ва ижтимоий объектларга мўлжалланган ҳудудларга бошқа иншоотлар қурилиши
олди олинади. Қурилиш сифати ва хавфсизлигига бўлган талаблар ортди. Конструкцияларнинг
зилзилага чидамлилиги, ёнғин хавфсизлиги бўйича талаблар кучайтирилди. Мураккаб
ва ижтимоий муҳим объектлар давлат текширувидан ўтади. Меъморчилик-қурилиш
назорати ваколатлари кенгайтирилди, қурувчилар масъулияти оширилди. Уй-жойларга
бериладиган кафолат 5 йил, маълум бир элементларга 10 йилгача узайтирилди.
Қуандиқ Қажкенов, Қозоғистон
Республикаси Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари:
– Авваллари кафолат
муддати 2 йил бўлган. Қурилиш кодекси доирасида уни 5 йилгача узайтирдик. Айрим
конструкция элементлари эса 10 йилга кафолатланади. Агарда қурилиш-монтаж
ишларида камчиликлар аниқланса, ишларни олиб борган компания уни рисоладагидек
ҳолатга келтириши лозим.
Абдумалик Сарманов таржимаси

